БУЮК АЛЛОМАНИНГ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН НАВБАТДАГИ АНЪАНАВИЙ ИЛМИЙ АНЖУМАН

16.09.2018

Буюк алломанинг хотирасига бағишланган навбатдаги анъанавий илмий анжуман

Ўзбек халқи асосли равишда ўз тарихига ғурур ва ифтихор ила боқади. Бу туйғу заминида халқимиз томонидан яратилган ноёб тарихий обидалар ҳамда буюк алломаларимизнинг инсоният маънавий ва интеллектуал захирасига қўшган салмоқли ҳиссалари ётади.

Буюк алломалар  қаторида Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Мусо ал-Хоразмий мозийда ва замонамизда ўзига хос салоҳияти билан ажралиб туради. Ал-Хоразмий  тарихда ўз ўрнига эга олим бўлибгина қолмай, балки ўрта асрлардаги кашфиётлари ила ўтган давр ва замонамизнинг илму-фани ривожига таъсир кўрсатиб келаётган  даҳо сифатида тан олинади. Масалан, математика тарихи ва унда ўз ривожига эга бўлган кашфиётлар ҳақида фикр юритилганда ал-Хоразмий номи биринчилар қаторида тилга олинади. Аксарият манбаъларда ал-Хоразмий ғоялари янгича “алгоритмик фикрлаш” услубиятига асос солганлиги  эътироф этилади. Ўз вақтида унинг шох асари  “Ал-Жабр ал мукабала” орқали Европа ўнлик саноқ системаси билан танишиш имконига эга бўлган, айни вақтда бу асардаги мушоҳада услубияти, номи ва мазмуни билан алгебра фанига ва замонавий ахборот технологияларидаги фундаментал, яъни алгоритмик ёндошувга  асос солинган.  

“Алгоритмик фикрлаш” услубияти ўз аҳамиятини компьтерлар даври бошланиши билан такроран кашф этди. Зеро “жонсиз”, аммо ўта кучли интеллектуал восита бўлган компьютерлар айнан “алгоритмик фикрлашга”  қодир эканлиги аниқланди.  Ўтган асрнинг 1983 йилида ЮНЕСКО томонидан ал-Хоразмийнинг 1200 йиллиги нишонланди.  Бу тарихий воқеа арафасида 1979 йилнинг 17 сентябрида Урганч шаҳрида очилган “Ҳозирги замон математикасида алгоритмлар ва уларнинг тадбиқлари” номли симпозиумга сайёрамизниг турли давлатларидан келган етук олимлар ўрта асрларнинг буюк математик олими, «Алгоритм» сўзига ўз номи ва фандаги кашфиётлари билан асос солган ал-Хоразмийнинг туғилган ва ўсмирлик йиллари ўтган заминга илмий зиёратни амалга ошириш мақсадида ташриф буюрган эдилар. Бу анжуманга машҳур олимлардан Д.Э.Кнут, А.П.Ершов, Ю.Л.Ершов, В.А.Успенский ва А.Л.Семёновлар қатнашган бўлиб,  унинг муваффақиятли ўтишига мезбонлик қилишган академиклар С.Х.Сирожиддинов, В.Қ.Қобулов ва  профессор Г.Н.Салиховлар  сабабчи бўлишган эди. Мазкур симпозиум кейинги қирқ йилда ахборот технологиялари билан боғлиқ бир қатор муаммолар ечилишига замин яратиб, бу йўналишдаги илмий ҳақиқатни англаш ва янги илмий ғоялар даврини юзага келтирибгина қолмай, балки кўпгина илмий янгиликлар яратилишига импульс бергани шубҳасиз.

Айнан “Алгоритмик фикрлаш” тамойиллари тадбиқий математикада сўнгги йилларда бир қатор янги йўналишларни белгилади, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб борадиган фирма ва корпорациялар буюртмаларига кўра олийгоҳларда  янги мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрлана бошланди. Эътиборга лойиқ фактлардан бири -“Алгоритмик фикрлаш” сунъий тафаккур заминида ётиши аниқланди ва бу йўналишдаги тадқиқот ҳамда ишланмалар инсон тафаккурига муқобил, аммо таҳликали ишланмалар қаторига қўшила бошланди. Замонамизнинг буюк олимларидан бири Стивен Хокингнинг эътирофига кўра “...агар сунъий тафаккур муаллифлари уни яратиш билан бир вақтда салбий оқибатларни олдини олиш воситаларини ишлаб чиқишмаса, сунъий тафаккур инсоният учун катта хавф-хатар манбасига айланиши мумкин” экан. Ҳар ҳолда бу огоҳлантириш илмий ва сиёсий зийракликка даъват бўлиб занжирли парчаланиш кашф этилгандан кейинги вазиятни эслатади дейиш мумкин. (http://www.popmech.ru/science/15931 /)

Юқорида зикр қилинган қадриятларга, соҳадаги муаммоларга жаҳон илми намоёндаларини эътиборини такроран қаратиш, буюк алломани номини янги сайқалларда эслаш ҳамда ижодиётга энди қадам қўяётган иқтидорли ёшларни фанга иштиёқи ва садоқатини озиқлантириш мақсадида 2018 йилнинг  13 – 15 сентябрида Ўзбекистон Миллий университети математика факультетида  «Амалий математика ва информацион технологияларнинг долзарб муаммолари - ал-Хоразмий 2018» анъанавий халқаро илмий конференция ўтказилди. (http://al-khorezmiy.nuu.uz/uz )

Анжуман мавзусининг ал-Хоразмий хотирасига бағишланганлиги унга нисбатан билдирилган катта ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Анжуманда иштирок этиш учун 12 давлатдан 200 дан зиёд маърузачилардан маъруза тезислари келиб тушди.  Анжуман ишида иштирок этиш учун Англия, АҚШ, Австрия, Туркия, Россия, Италия, Словения, Украина, Малайзия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон  каби давлатлардан етук олимлар ва ёш тадқиқотчилар келишди. Анжуман якунида унинг иштирокчилари томонидан  янги кашфиётлар ва янги, ҳали ечилмаган муаммоларни эътироф этувчи резолюция қабул қилинди. Конференция дастурига киритилган тадбирларга мувофиқ анжуман иштирокчилари пойтахтимиз Тошкентнинг тарихий ва эътиборга лойиқ зиёратгоҳлари билан танишишди  ҳамда  Самарқанд шаҳрига зиёратни амалга оширишди.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиш жоизки, мана шундай катта халқаро анжуманларни ўтказиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо ҳурматли Домламиз, устоз Мирсаид ака Арипов бундай хайрли ишларга доим боши қош бўлиб келмоқдалар. Мана шу бугунги халқаро анжуманимиз ташкилотчиси ҳам, қолаверса ал Хоразмийга бағишланган бундан олдинги анжуманларнинг ҳам ташкилотчиси, шу кунларда 80 ёшга қараб бораётган ҳормас-толмас домламиз Мирсаид ака бўлиб ҳисобланадилар. Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли домламизга доимо соғлик ва оилавий тинчлик омонлик тилайман. Келажакда яна шундай анжуманларни кўплаб ташкил қилишларига улкан омдлар тилаб қоламан.  

Профессор   З.Х. Юлдашев, доц.в.б. Т.К. Хожиев

Рўйхатга қайтиш