Мусулмон Халқ дорилфунуни


Миллатпарвар жадидлар Россияда февраль инқилоби амалга ошганидан сўнг Туркистонда пайдо бўлган демократик эркинлик шароитида рус демократ зиёлилари билан ҳамкорликда университет ташкил этиш ҳаракатида турган бир пайтда октябрь давлат тўнтариши юз берди ва янги совет ҳукумати – Туркистон Халқ Комиссарлари совети тузилди. Ушбу ҳукуматнинг 1918 йил 16 мартдаги Тошкентда Туркистон халқ университетини ташкил этиш ҳақидаги Маориф Халқ Комиссариатига берган буйруғида фақат рус ва рус тилида сўзловчи аҳолининг олий таълимга бўлган эҳтиёжи қондирилиши эътиборга олинди. Мусулмонларнинг бу соҳадаги эҳтиёжи ва жадидларнинг университет ташкил этиш борасида қилган амалий ишлари эътиборга олинмади. Ушбу буйруқ асосида рус зиёлилари жадал ишга киришади. Бундан хабар топган Мунавварқори Абдурашидхонов 9 апрель куни замонавий олий таълим тарафдорлари бўлган жадидларнинг фаол гуруҳини ўз уйига тўплаб, вазиятни тушунтириб, университет ташкил этиш ғоясини ўртага қўяди.

Йиғилганлар унинг раҳбарлигида 9 кишидан иборат “Мусулмон халқ дорилфунунининг ташкилот комиссияси”ни туздилар. Бу комиссия ҳукуматнинг қарорига қарама-қарши равишда демократик руҳда тузилган эди. Шунинг учун ҳам комиссия асосан икки йўналишда, яъни ўзини ҳукуматга тан олдириш ва бевосита дорилфунунни ташкил этиш каби ишлар билан машғул бўлди.

Ташкилот ҳайъати жуда тезлик билан ишга киришиб, миллий олий таълим ўчоғи – Мусулмон Халқ дорилфунунини ташкил этиш йўлида бир ойдан сал ортиқ вақт ичида ўнта мажлис ўтказади. Шу йили 2 майда ўтказилган 7-мажлисида Туркистон Халқ университети шўроси ва Туркистон Халқ Маорифи Комиссариати томонидан Мусулмон Халқ дорилфунунининг ташкилот комиссияси расман тан олинганлиги маълум қилинади. 3 май куни Ташкилот комиссиясинииг навбатдан ташқари кенгайтирилган мажлиси бўлиб, унда Мусулмон Халқ дорилфунуни раҳбарияти (“идора ҳайъати”)га сайлов бўлади. Мунавварқори Абдурашидхонов раис (ректор), Исо Тўхтабоев раиснинг биринчи муовини, Бурхон Ҳабиб раиснинг иккинчи муовини, Абдусамиқори Зиёбоев хазинадор, Мухтор Бакир саркотиб этиб сайланади.

Мусулмонлар учун дорилфунун очилишини руслар учун очилган Туркистои Халқ университети раҳбарияти ҳам қўллаб-қувватлаб ёрдам бериб туради. Унинг мудири профессор О.В.Попов Мусулмон халқ дорилфунуни ташкилот комиссиясининг 8-мажлиси (6 май)да қатнашиб: “бундан кейин дорилфунунни иккинчи деб эмас, балки биринчи дорилфунун деб атамоқ керак”, - дейди. Шундан сўнг Мусулмон Халқ дорилфунуии Туркистон Халқ университетига шўъба қилиб бирлаштирилади.

Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигидаги комиссиянинг меҳнати самараси ўлароқ, 1918 йил 12 май шанба куни Мусулмон Халқ дорилфунунининг “расми кушоди”– расмий тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Эски шаҳардаги Викула Морозовнииг собиқ дўкони жойлашган бинодаги тантана ҳайъатидан ҳукумат аъзолари, халқ комиссарлари, мусулмон ва рус халқ дорилфунунларининг раислари (ректорлари) ва бошқалар жой оладилар.

Мунавварқори Абдурашидхонов қисқа нутқ сўзлаб, йиғилишни очиб беради. У ўз нутқида мусулмонлар чоризм даврида ярим аср қулликда яшагани, озодлик катта талафотлар эвазига қўлга киритилганини алоҳида таъкидлайди. Шу билан бирга, у “Халқнинг илмга кўп зиёда муҳтожлигини... қонларини тўкиб олған ҳурриятидан сўнг туркистонликларга ҳам ўқимоққа имкон топилгани” ҳақида тўхталади. Шундан кейин Мунавварқори ҳарбийларга хос усулда йиғилганларни ҳуррият шаҳидларини хотирлаб бир неча дақиқа сукут сақлашга чақиради. Шу пайтда аскарий мусиқа марши чалинади. Сўнгра мусулмон ҳуррият шаҳидлари учун Самиқори афанди тарафидан Каломи Шарифдан, уларнинг хотирасига фатво, оятлар ўқилади.

1918 йилнинг 12 май санаси миллат эҳтиёжига айланган дунёвий олий таълим маскани пайдо бўлган, бугунги Миллий уииверситетнинг асоси яратилган муборак кун бўлиб тарихга киради.

Миллий уйғониш даврининг буюк алломаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг “Ойина”! журналида муштарийларнинг Туркистонда дунёвий олий миллий таълим истиқболи ҳақида берган саволига жавоб бериб, “Тошкентдаги Мунавварқори мактаби мана шундай олий таҳсилга замин бўла олиши мумкинлигини айтган эди”.

Мусулмон халқ дорилфунуни очилишини ўша даврдаги таниқли олим А.А. Диваев қувонч билан шундай ифодалайди: “Мана бугун Тошкентда Мусулмон дорилфунуни очилиши тантанасида қатнашишга муяссар бўлдик. Туркистон учун тонг отди, ёруғ қуёш балқиди... Яшасин Туркистон халқининг таянчи ва умиди бўлган ўқув юрти”.

Мусулмон Халқ дорилфунуни 15 та илмий-ижодий, маданий-маърифий ва демократик мусулмон уюшма ҳамда ташкилотлари вакилларидан иборат 45 кишилик кенгаш томонидан бошқарилди. Унинг илмий-ижодий ва педагогик жамоаси тез орада 299 кишига етади. Шундан 22 таси олий диний мадрасаларни, 2 таси Россия университетларини битирган эдилар. Уларнинг орасида ўнлаб таниқли жадид шоир ва адиблари, жадид мактаби ва дарсликлари асосчилари, 20 га яқин турли хил соҳа вакиллари бор эди.

Мусулмон Халқ дорилфунуни ҳам ҳудди русча Туркистон университети каби уч босқичли бўлиши режалаштирилди:

1. Олий босқич: беш йиллик дорилмуаллимин – ўқитувчилар институти.

2. Ўрта босқич: касб-ҳунар ўргатувчи ҳар хил махсус курс ва тўгараклар, масалан, эркаклар учун рассомчилик, дурадгорлик, хотин-қизлар учун бичиш-тикишни ўргатиш ҳамда болалар боғчаси учун тарбиячилар тайёрлаш.

3. Қуйи босқич: “Ибтидоий шўъба” (бўлим). Бунинг ўзи 15 ёшдан кичик бўлмаганлар қабул қилинадиган бўлим бўлиб, уч гуруҳга бўлинади:

1) саводи бўлмаганлар;

2) олдин эски мактабда ўқиб саводи чиққан, аммо дунёвий илм-фанлардан хабари бўлмаганлар;

3) ибтидоий (бошланғич) “рушдий” жадид мактабини битириб янада чуқурроқ билим олмоқчи бўлганлар.

Дорилмуаллиминнинг “расми кушоди” – очилиш маросими 1918 йил 31 майда бўлиб ўтди. Бу тантанали йиғинга таниқли олим Абубакр Диваев раислик қилди. Биринчи бўлиб дорилмуаллиминнинг яқинда сайланган раиси (ректори) Мунавварқори Абдурашидхоновга сўз берилади. У жамоатчиликни табриклаб, ўз шодлигини изҳор қилади.

Дорилмуаллиминнинг илмий-педагогик жамоаси ўша даврдаги етук педагог ва дунёвий илмларнинг билимдонларидан ташкил топади. Унда маҳаллий “қадим” мактаби ва мадрасаларни тугатганлар учун биринчи тайёрлов синфи, тажрибаси кам бўлган, усули жадид мактабларини эндигина битирганлар ва бошланғич макгаб ўқитувчиларига иккинчи тайёрлов синфлари ташкил қилинади.

Сентябрь ойига келиб, дорилмуаллиминда илгаридан эски мактабда ишлаб келган 36 муаллим, усули жадид мактабларини яқинда тугатганлардан 56 киши, рус-тузем мактаби ва анъанавий “қадим” мактабларида ўқиганлардан 78 киши таҳсил олади.

Жадид зиёлилари учун катта умид ва ишончга айланган дорилмуаллимин мусулмон халқлари учун ўқитувчи тайёрловчи ягона марказ сифатида хизмат қилиб, кейинчалик ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва бошқаларнинг Тошкентда ўз тилларида ўқитувчилар тайёрловчи курслари ва институтлари пайдо бўлишида асосий илмий-педагогик негиз ва таянч вазифасини бажаради.

1918 йил 31 майдан унинг махсус газетаси “Халқ дорилфунуни” чиқа бошлайди. Тўрт ой давомида газетанинг жами 15 та сони босилди. Бу газета совет даврида ўзбек тилида чоп этилган дастлабки газета бўлди. Унинг асосий шиори “Яшасин илмий инқилоб, яшасин халқ маорифи” бўлган.

Мусулмон халқ дорилфунунининг жадид мактаблари ўндан ортиқ жойда ташкил топади. Ҳудди шу турдаги ўттиздан ортиқ мактаб Сирдарё, Еттисув, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳам очилди.

Совет ҳуқумати Мусулмон Халқ дорилфунунини дастлаб расман тан олишга мажбур бўлса-да, унга нисбатан душманлик сиёсатида бўлди. Унинг ҳақиқий миллий олий ўқув юрти даражасига ўсиб чиқишига имкон бермади. Ўша 1918 йилнинг кузига келиб, Мусулмон Халқ дорилфунуни ва унинг асосчилари коммунистик қатағоннинг дастлабки қурбонлари бўлишди. Тарихий ҳақиқат республика Биринчи Президеити Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университети”га “Ўзбекистон Миллий университети мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан тикланди. Унда “Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш”га алоҳида урғу берилиб, “университетнинг асосчилари жадид зиёлилари, унинг ташкил этилган санаси эса 1918 йил 12 май” деб белгиланди.

Биринчи Президент Ислом Каримовнинг буюк мутафаккир ва ўз вақтида миллатимиз фидойиси бўлган Мунавварқори Абдурашидхонов ҳақидаги ушбу сўзлари ёшларимизда фахр ва ғурур ҳисларини уйғотди: “Тошкент университети” 1920 йилда Россиядан келган вакиллар томонидаи эмас, балки 1918 йилда фидойи маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхонов ташаббуси билан Туркистон Халқ миллий дорилфунуни сифатида фаолият бошлаган. Бу ҳаракатни бутун жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз билиши керак, деб ўйлайман. Бу тарихий воқеа университет пештоқига алоҳида лавҳа қилиб ёзиб қўйишга муносиб”.


Хорижий абитуриентлар учун
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura