Табиий география кафедраси

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети география ва табиий ресурслар факультети табиий география кафедрасига 1920 йили асос солинган,  шу йили Ўрта Осиё давлат университетнинг ҳарбий факультетида Туркистон географияси кафедраси ташкил этилган. 

1935 йилдан бошлаб мустақил равишда табиий география (кафедра мудири Н.Л.Корженевский) кафедраси фаолият кўрсата бошлади. Ўша даврларда табиий география кафедраси аъзолари Ўрта Осиёнинг айрим районларини табиий географик тавсифлаш, геоморфологик тадқиқотлар олиб боришган.

 

Н.Л.Корженевский

1943 йили кафедра аъзоси - биринчи ўзбек географи Н.Д. Долимов “Нурота тоғларининг комплекс табиий географик характеристикаси” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Н.Д.Долимовнинг география фанини ривожлантириш, илмий-педагогик кадрларни тайёрлашдаги хизматлари катта. Ушбу хизматлар учун 1970 йили Н.Д.Долимовга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони берилди.
 


Н.Д. Долимов

1940-йилларнинг ўрталарида кафедрага таниқли олимлар - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари, геоморфолог Ю.А.Скворцов, иқлимшунос Л.Н.Бабушкинларнинг ишга ўтиши ва чуқур илмий изланишлар олиб бориши, “Тўртламчи давр геологияси ва геоморфологияси” илмий мактабининг яратилишига асос бўлди.
1950-1960 йиллари кафедра аъзоси Ҳ.Ҳ.Ҳасанов география тарихи, топонимика ва терминология, Ўрта Осиёлик сайёҳатчиларнинг географик меросини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар олиб борди. 

                                       


1960-йиллардан бошлаб, Ўрта Осиё табиатини географик ўрганиш тарихи билан Р.У.Раҳимбеков шуғуллана бошлади. 1970 йили унинг шу мавзуга оид йирик монографияси босилиб чиқди. Шунингдек, Р.У.Раҳимбеков Кашкаров-Коровиннинг Ўрта Осиё экология-география илмий мактабини асослаб берди.

 


Факультет 1970-йилларга қадар комплекс табиий географик районлаштириш муаммолари билан Л.Н.Бабушкин ва Н.А.Когай, геоморфология ва тўртламчи давр геологиясига оид тадқиқотлар билан Ю.А.Скворцов ва О.Ю.Пославскаялар шуғулланишган.
Кафедра олимлари Н.Д.Долимов, Ҳ.Ҳ.Ҳасанов, П.Н.Ғуломов ва Р.У.Раҳимбековларни илмий-оммабоп ва ўқув адабиётларини рус тилидан ўзбек тилига ўгирган моҳир таржимон сифатида яхши бўлишган.
1990-йилларнинг бошига қадар кафедрада илгаридан ривожланиб келган асосий илмий йўналишлар билан бирга атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг географик асослари, география тарихи ва методлогияси, палеогеография, шунингдек, Орол денгизи  муаммолари (А.А.Рафиков) билан боғлиқ илмий тадқиқот ишлари олиб борилган. 

 


А.А.Рафиқов

Кафедра профессори Ҳ.Ҳ.Ҳасанов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1986 йил 24 февралдаги 94-сон буйруғи асосида 01.04.1986 йилда география ўқитиш методикаси кафедраси ташкил этилди. Кафедрани ташкил  этишдан мақсад мамлакатимизда ўрта ва олий география таълими методикасини ривожлантириш, бу соҳадаги илмий изланишларни кенгайтириш, педогогик кадрлар тайёрлашни яхшилаш бўлган. 
География ўқитиш методикаси кафедраси 2005 йили табиий география кафедраси билан қўшилиб, табиий география ва география таълими методикаси кафедраси деб номланди.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг нашр этилишида ҳам кафедра профессор-ўқитувчилари фаол иштирок этишди. Жумладан, П.Н.Ғуломов ва Ш.С.Зокировлар Миллий энциклопедиянинг география бўлими таҳририят аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, М.Маматқулов, И.А.Ҳасанов, Ў.Қ.Абдуназаров, М.Т.Миракмаловларнинг мақолалари деярли ҳар бир жилддан ўрин олган.
Кафедра аъзолари факультетда Ўзбекистон География жамияти билан ҳамкорликда қатор халқаро ва республика миқёсидаги бир қанча илмий-амалий конференцияларда фаол иштирок этишди. 
Кейинги йилларда кафедрада қатор маблағ билан таъминланган фундаментал, амалий, инновацион лойиҳалар бажарилди. Бу илмий мавзуларга профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда ёш ўқитувчилар, докторантлар, магистрлар ва иқтидорли талабалар ҳам жалб этилган. Кафедрада илмий изланишлар олиб бораётган ёшларга алоҳида эътибор берилмоқда.
Кафедрада кейинги - Мустақиллик йилларида табиий географларнинг ўрта авлод вакиллари Ш.С.Зокиров, П.Н.Ғуломов, М.Маматқулов ва бошқаларнинг янги илмий асарлари нашр этилди. Жумладан, доцент Ш.С.Зокировнинг “Ландшафтшунослик асослари” (1994, 2010), “Антропоген ва амалий ландшафтшунослик” (1998), “Кичик ҳудудлар табиий географияси” (1999) асарлари табиий географиянинг муҳим тармоғи бўлган ландшафтшунослик бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк адабиётлар сафидан жой олди. Натижада, доцент Ш.С.Зокиров ўзбек ландшафтшунослигининг “отаси” даражасига эришди. У жуда катта илмий ва ўқув адабиётларни таҳлил қилиш асосида ландшафт (табиат) компонентлари ва ландшафт ҳосил қилувчи омилларни; ландшафтнинг морфологик тузилиши, динамикаси ва ривожланишини; географик қобиқ тараққиёти, у билан боғлиқ илмий қарашларни чуқур ўрганди, бир қатор янги илмий қарашларни олға сурди. Кейинчалик, Б.Ю.Эгамов билан ҳаммуаллифликда “География тарихи: Эратосфендан Кошғарийгача” (2012), Х.Р.Тошев билан ҳамкорликда “География тарихи” (2015) асарлари чоп этилди. Унинг камтарона илмий мероси мустақиллик йилларидаги илмий тадқиқотлар учун муҳим ва бой манба сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Доцент П.Н.Ғуломов мустақиллик йилларида инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни илмий таҳлил этиш, табиатдан фойдаланишнинг географик асосларини яратиш, табиий ресурсларидан самарали фойдаланиш, инсон хўжалик фаолиятини табиат қонуниятлари асосида ташкил этиш масалаларига бағишланган тадқиқотларини давом эттирган ҳолда, география тарихи, топонимика ва географик атамашунослик йўналишида, янги авлод ўқув адабиётларини яратишда ҳам салмоқли ишларни амалга оширди. Унинг 2000 йилда “Топонимика ва географик атамашунослик”, 2009 йилда “Инсон ва табиат”, “Ўрта Осиё табииий географияси” (2002) асарлари дунё юзини кўрди. 

 



П.Н.Ғуломов муаллифлигида ва ҳаммуаллифлигида умумтаълим мактабларининг география фани учун 6 та дарслик, ўқитувчилари учун 3 та методик қўлланма, олий география таълими талабалари учун 10 га яқин ўқув қўлланма, талаба ва профессор-ўқитувчилар учун 8 та методик қўлланмалар яратди. Унинг умумтаълим мактаблари учун яратган дарсликлари “Энг яхши дарслик” танловларида бир неча бор, профессор Т.Мирзалиев ва бир қатор муаллифлар билан чоп этган “Ўзбекистон географик атласи” 2000 йилнинг “Энг яхши дарсликлар ва ўқув қўлланмалари муаллифи” кўрик танловларида ғолиб деб топилди. Унинг якка муаллифликда мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган “Мактаб жўғрофия атамалари ва тушунчалари” изоҳли луғати (1994) бугунги кунда ҳам энг кенг фойдаланиладиган луғатдир. 
П.Н.Ғуломовнинг самарали меҳнатлари муносиб топилиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими давлат мукофоти билан тақдирланди.
 


М.Маматқулов

М.Маматқулов чуқур илмий тадқиқотларни, шарафли педагогик фаолиятни олиб бориш билан бирга, география фанидан умумтаълим ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари учун 3 та дарслик, география йўналиши талабалари учун 4 та ўқув қўлланма, 4 та монография муаллифидир. Унинг 2009 йилда чоп этилган “Табиат мўжизалари” илмий-оммабоп асари кенг омма томонидан илиқ кутиб олинди.
Ўктам Қобилжонович Абдуназаров (1942) Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган, жуда муҳим палеогеографик, стратиграфия ва муҳандислик геологияси нуқтаи-назаридан аҳамиятга эга бўлган қадимги тупроқ қатламларини биринчи бор ҳар томонлама тизимли ўрганди. 
У устози проф. И.Н.Степанов билан биргаликда Ўрта Осиёда тарқалган лёссимон тоғ жинсларининг таркибидаги кўмилиб кетган қадимги тупроқларнинг палеогеографик ва стратиграфик аҳамиятини илмий асослаб берди. Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини Орол ҳавзасига келтиришга оид илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда ҳам фаол иштирок этди. Унинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида Ўрта Осиё ва Ўзбекистон табиатини таҳлил этувчи 20 дан ортиқ ўрта масштабли хариталар яратилди. 
Қизилқум, Қорақум чўллари, Чирчиқ-Оҳангарон водийси, Туркистон тоғларида ўтказилган узоқ йиллик илмий экспедицияларда самарали меҳнат қилган, ўзига хос илмий натижаларга эришган Асамутдин Зайнутдинов (1940-2015) университет табиий географлари сафига мустақиллик йилларида келиб қўшилди. У мустақилликнинг илк йилларида Чорбоғ сув омбори жанубидаги бир неча дам олиш манзилгоҳлари, Ҳожимушкент сув омбори тўғон атрофи, Белдорсойдаги дам олиш, чанғи учиш, пансионатлар ўрни, Қашқадарёдаги Таллимаржон ИЭС ўрнини геологик-геоморфологик жиҳатдан ўрганиб, асослаб беришда фаол қатнашди. 2005 йилда А.Зайнутдиновнинг ҳаммуаллифликдаги “Умумий Ер билими” дарслиги нашр этилди.
География фанлари номзоди, доцент И.А.Ҳасанов (1940)  университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари орасида табиий географик тадқиқот ва экспедицияларнинг фаол иштирокчиси сифатида танилган. Унинг асосий илмий ижоди табиий география, табиий комплексларни мақсадли баҳолаш, мелиоратив ва рекреацион география йўналишларига бағишланган. 2007 ва 2010 йилларда И.А.Ҳасановнинг ҳаммуаллифликда “Ўзбекистон табиий географияси” дарслигининг 1 ва 2-қисмлари нашр этилди.

 



Илмий тадқиқот ва изланишлари илдизи XX асрнинг 70 йиларига бориб тақалсада, асосий илмий ижоди мустақиллик йилларида кенг қулоч ёзган олим, география фанлари номзоди, доцент Абдурасул Алимович Сагатов (1943-2005)нинг ишлари алоҳида аҳамиятга эга. У 1993 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, география фанлари доктори, профессор Н.А.Когай раҳбарлигида “Анализ физико-географических условий Узбекистана для целей градостроительства” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Доцент А.А.Сагатов машаққатли педагогик фаолиятни олиб бориш билан бирга, Ўзбекистон ҳудудини шаҳарсозлик мақсадида табиий географик районлаштириш, рельефни турли иншоотлар қурилиши нуқтаи назаридан баҳолаш, табиий географик тадқиқот методларини таснифлаш масалаларига бағишланган тадқиқотларни олиб борди. Олий таълим муассасаларининг талабалари учун “Географиядан тест топшириқлари” (1993), “Геоморфологиядан тест топшириқлари” (1995, ҳаммуаллифликда), “Геология асослари” (2000, ҳаммуаллифликда), “Табиий географик тадқиқот методлари” (2001) ўқув адабиётларини нашр қилдирди. Унинг умумтаълим мактабларининг 6-синф ўқувчилари учун мўлжалланган “География” (Материклар ва океанлар табиий географияси)” дарслиги олти марта нашр қилинди, ўқитувчилар учун “Материклар ва океанлар табиий географияси” методик қўлланмаси ҳозирги кунда мамлакатимиз таълим тизимида қўлланиб келинмоқда.
Миллий мустақилликнинг илк йиллариданоқ табиий географлар таркибига ёш мутахассислар жалб этилди. Улар таркиби янги авлод, яъни мустақиллик даври профессор-ўқитувчилари Н.И.Сабитова, З.С.Саидкаримова, Р.Юсупов, М.Т.Миракмалов, кейинчалик Ш.М.Шарипов, Ҳ.Б.Никадамбаева, Н.Т.Шамуратова, Б.Ю.Эгамов, Р.А.Ибрагимовалар билан янгиланди. Улар университетда педагогик фаолиятни олиб бориш билан бирга, ўз устозлари каби табиий географиянинг турли йўналишларида илмий тадқиқотларни муввафақиятли давом эттирмоқда.

 

Н.И.Сабитова

 География фанлари доктори, профессор Наила Исмаиловна Сабитова (1954) ижодининг катта қисми атроф-муҳитни  муҳофаза  қилиш, тупроқлар унумдорлигини оширишнинг илмий  асосларини ишлаб чиқиш, табиий комплексларининг мелиоратив ҳолатини ўрганиш, сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда экология масалаларининг ечимига йўналтирилган билан ажралиб туради. У айни пайтда, педагогик фаолиятни мувофаққиятли олиб бориш билдан бирга, бир қатор илмий ишланмалар, шунингдек фундаментал ва амалий лойиҳаларда фаол қатнашиб келмоқда.
Табиий географларнинг янги авлод, яъни миллий мустақиллик даври тадқиқотчи, профессор-ўқитувчилари энди тавсифий ёки тасвирий географик тадқиқотлар эмас, балки алоҳида геотизим, табиий географик комплекслар ва кичик ҳудудлар доирасида, табиий географиянинг янги йўналишлари, тор ва қуйи тармоқлари, иқтисодиёт тармоқлари учун манфаатли жиҳатлари бўйича ўз тадқиқотларини олиб бормоқда. 
 

 
З.С.Саидкаримова



М.Т.Миракмалов

 М.Т.Миракмалов табиий географик терминология, топонимика ва географик лингвистика, З.С.Саидкаримова фойдали қазилмаларни қазиб олиш жараёнида ландшафтлар ўзгаришини баҳолаш ва башорат қилиш, Р.Юсупов табиий географик комплексларнинг ривожланишида экзоген жараёнларнинг роли, Ш.М.Шарипов геоэкология, ландшафтлар хилма-хиллигини сақлаш, Ҳ.Б.Никадамбаева география таълими методикаси, инновацион таълим методлари, Н.Т.Шамуратова туризм, экотуризмнинг табиий географик жиҳатлари, Р.А.Ибрагимова табиий географик районлаштириш, Б.Ю.Эгамов табиий географик ғоялар тарихи, геоморфология, география таълими методикаси, муаммо ва масалаларига бағишланган ўз тадқиқотларини олиб бормоқда. 
Табиий географ профессор-ўқитувчиларнинг бу илмий изланишлари ўз самарасини бериб келмоқда. Жумладан, г.ф.н., доцент М.Т.Миракмаловнинг П.Н.Ғуломов билан ҳаммуаллифликда “Toponimika va geografik terminshunoslik” (2005), “Geografiyada toponimika” (2008) ўқув қўлланмалари, “Ер билими асослари”(2017), “Халқ табиий географик терминлари” (2009), “Вобкент тумани топонимлари” (2017) монографиялари, умумтаълим мактабларининг 6-синфлар учун ҳаммуаллифликдаги “Geografiya” (2013, 2017) дарслиги, ҳаммуаллифликдаги “Tabiiy geografiyadan amaliy mashg’ulotlar” (2015), умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун мўлжалланган якка муаллифликдаги “Yulduzlar, Quyosh, Oy” қўшимча ўқув қўлланмаси нашр қилинди. М.Т.Миракмалов қонун ижодкорлигида ҳам ўз меҳнатини аямади. У 2011 йили Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунини қабул қилинишида маслаҳатчи-эксперт сифатида қатнашди. 
 


Ш.М.Шарипов


География фанлари номзоди, доцент Ш.М.Шарипов ўз тадқиқотларини геоэкология, ландшафтшунослик, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўналишларида олиб бормоқда. Унинг Тошкент вилояти ландшафтлари ва геоэкологик муаммоларини ўрганишга бағишланган тадқиқотларида ландшафтларга антропоген таъсирнинг асосий шакллари ва уларнинг ўзгарганлиги, аҳоли жойлашувини ўрганишда ландшафт ёндашуви, ландшафтларнинг барқарорлик имкониятларини баҳолаш, геоэкологик районлаштириш, геоэкологик вазиятни баҳолаш ва оптималлаштириш масалалари бўйича бир қанча илмий янгилик ва ёндошувларни олға сурди. Ш.М.Шариповнинг 1:200000 масштабда бўлган Тошкент вилоятининг ландшафтлари картаси (2011), 1:100000 масштабли Угом-Чотқол Давлат Миллий табиат боғининг ландшафтлари картаси (2017), 1:100000 масштабли Тошкент вилоятининг ландшафтлари хилма-хилллигини сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари картаси (2017), шунингдек А.А.Рафиқов билан ҳаммуаллифликда “Геоэкология” (2014) ўқув қўлланмаси, “Табиатни муҳофаза қилиш ва геоэокология” (2016) монографияси чоп этилди. Унинг талабалар учун “Геоэкология” (2018) дарслиги ҳамда ҳаммуаллифликда умумтаълим мактабларининг 3 ва 4-синфлари учун “Табиатшунослик” (2016, 2017), 10-синфлар учун “Амалий география” (2017) дарсликлари чоп этилди.
Доцент Ҳ.Б.Никадамбаева табиий географияни ўқитишда илғор таълим методлари ва технологияларидан фойдаланиш, табиий география таълимига интерфаол таълим методларини жорий қилиш йўллари, Ўзбекистон табиий географиясини ўқитишда компьютер технологияларидан фойдаланиш муаммолари билан шуғулланади. У ушбу йўналишда бир қатор ўқув ва методик қўлланмаларни нашр эттирди. “Ўзбекистон табиий географияси фанини ўқитишда компьютер технологияларидан фойдаланиш методикаси” (монография, 2015), “Физическая география Узбекистана” (ўқув қўлланма, 2017) шулар жумласидандир. Бундан ташқари Ҳ.Б.Никадамбаеванинг 2011 йилда Ўзбекистон табиий географияси фанининг  электрон ўқув-методик таъминоти компьютер дастури учун Ўзбекистон Республикаси Давлат Патент идорасининг № DGU02171 рақамли гувоҳнома, 2012 йилда “Ўзбекистон табиий географияси” фанидан электрон дарслиги учун Ўзбекистон Республикаси ителлектуал мулк агентлигининг № DGU 02532 рақамли гувоҳномаси берилган.
Н.Т.Шамуратова илм-фан, иқтисодиётда янги йўналиш ва тармоқ сифатида шаклланиб келаётган туризм, айнан экотуризм масаласида тадқиқот олиб бормоқда. У Ўзбекистонда биринчи бўлиб экотуризмнинг табиий географик жиҳатларини илмий исботлаб берди, экотуристик районлаштириш тамойилларини ишлаб чиқди. Унинг илмий тадқиқотлари ҳаммуаллифликдаги “Ekoturizm asoslari” (2007, 2013) ўқув қўлланмасида ўз аксини топди. Н.Т.Шамуратованинг ҳаммуаллифликда Ўзбекистонда илк марта 1:1000000 масштабли Ўзбекистон Республикасининг экотуристик районлари ва маршрутлари картаси яратилди.
Р.А.Ибрагимова Ўзбекистон табиий географик районлаштирилишида Орол табиий географик округини ажратишнинг илмий-методологик жиҳатларини асослаб берди. У 1960-1980 йилларда сув ресурсларидан норационал фойдаланиш оқибатида Орол денгизи қуриб, унинг ўрнида Марказий Қозоғистон табиий географик провинциясида янги Орол табиий географик округи юзага келганлигини биринчи бўлиб исботлаб берди.

 


Б.Ю.Эгамов Ҳ.Ҳ.Ҳасановнинг “География тарихи, топонимика ва географик атамашунослик” илмий мактабининг давомчиси сифатида, Ўрта Осиё жадидчлик ҳаракатида олға сурилган ғоя, қарашлар мазмуни ва аҳамиятини ҳаммуаллифликда чоп этилган “Туркистон жадидчилиги – миллий уйғониш даврида география фани ва таълими” (2010) илмий рисоласи ва “Туркистон жадидчилиги – миллий уйғониш даври тарихи” (2012) монографиясида очиб берди. Ёш тадқиқотчи Б.Ю.Эгамовнинг профессор М.Маматқулов билан биргаликда 5311500 - Геодезия, картография, кадастр таълим йўналиши учун “Геология ва геоморфология”, 5141100 - Гидрология (қуруқлик гидрологияси) таълим йўналиши учун “Геоморфология, геология асослари билан” дарсликлари нашрга тайёрланди. 
Ўтган юз йиллик давр мобайнида университетда фаолият олиб борган табиий географларнинг 5 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, 1 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими давлат мукофотлари билан тақдирланди.
 

Ҳозирги кунда кафедра аъзолари: 
География йўналишида: 
• Умумий табиий география;
• Ўзбекистон табиий географияси;
• Материклар ва океанлар табиий географияси;
• Ўрта Осиё табиий географияси;
• Топонимика;
• Биогеография;
• Тупроқлар географияси;
• География ўқитиш методикаси;
• Геология асослари ва геоморфология;
• Ландшафтшунослик;
• Табиий географик тадқиқот усуллари;
• Табиатдан фойдаланишнинг географик асослари;
• Геоэкология;
• Табиий географиянинг асосий муаммолари;
• Амалий география;
Гидрометеорология йўналишида:
• Ўзбекистон табиий географияси
Гидрология йўналишида:
Ўзбекистон табиий географияси;
Геоморфология, геология асослари билан
Геодезия, картография ва кадастр йўналишида:
• Ўзбекистон табиий географияси;
Геология ва геоморфология асослари каби фанлардан дарс беришади. 
Шунингдек, умумий табиий географик ўқув-дала, комплекс, ишлаб чиқариш ва педагигок амалиётларига раҳбарлик қилишади.

         

Ўқув-дала амалиёти


                 








“Устоз-шогирд” тизимида ишлаш





Кафедра аъзолари:

Инсон ва табиат муносабатларининг географик асослари;
Ўзбекистон ландшафтларини тадқиқ этиш, уларни хариталаштириш ва табиий географик районлаштириш; 
Ўзбекистон ҳудудининг геоэкологик вазиятини тадқиқ этиш;
Неотектоник ҳаракатларни табиат комплексларига таъсирини ўрганиш; 
Топонимика ва географик терминшунослик; 
Умумий ва ўрта таълим, олий ўқув юртлари, академик лицейлар ҳамда коллежлар учун ўқув қўлланмалари, дарсликлар, дастурлар ва методик ишланмалар яратиш каби илмий йўналишларда илмий тадқиқот ишлари олиб боришмоқда. 

• Кафедрада Ҳ.Ҳ.Ҳасанов номидаги “Глобус” ўқув-методика хонаси мавжуд. Ўқув-методика хонасида улкан рельефли-ландшафтли глобус ўрнатилган. Унинг оғирлиги 490 кг., горизонтал масштаби 1 см да 70 км, вертикал масштаби 1 см да 2 км. Глобус хонасида ўқув машғулотлари ўтказилиши билан бирга турли учрашувлар, суҳбатлар уюштирилади. 



Ҳ.Ҳ.Ҳасанов номидаги “Глобус” ўқув-методика
хонасига ўрнатилган улкан ноёб глобус 






Кейинги йилларда кафедра аъзолари қуйидаги маблағ билан таъминланган мавзуларда иш олиб боришди:
1) ОТ-Ф6-062 – Орол ҳавзасида кечаётган гидрологик ва табиий географик жараёнларнинг айрим қонуниятларини тадқиқ этиш;
 2) ОТ-Ф6-063- Эволюция геологической истории развития четверттичного периода Узбекистана; 
 3) 5-013 «Выявление стратиграфических критериев погребенных почв лессовых плейстоценовых отложений орогенной зоны Узбекистана для геолого-съемочных работ»;
4) 8-2 сонли “Ўзбекистон экотуристик районлари ва маршрутлари картасини яратиш” мавзуидаги амалий тадқиқотлар;
5) № 1/2010 рақамли “Морфоструктурный и морфометрический анализ района расположения золоторудных горнодобывающих предприятий(Чадакская и Ангренская ЗИФ)” мавзуидаги хўжалик шартномаси (ГИДРОИНГЕО институти билан ҳамкорликда); 
6) № ОТ-ИД/11-8-2 “Тошкент вилояти табиатини муҳофаза қилиш картасини яратиш ва чоп этиш”;
7) «Мониторинг приграничных районов Узбекистана в местах воздействия добычи, переработки и складирования отходов горнопромышленных и металлургических предприятий Киргизии и Таджикистана» (ГИДРОИНГЕО институти билан ҳамкорликда).
8) ОТ-АТаб-2018-63 “Ўзбекистон Республикасининг фаол минтақаларидаги кўчки жараёнларининг Ер масофавий зондлаш матеиаллари ва геоинформацион технологиялар асосида комплекс ўрганиш (Чирчиқ дарё ҳавзаси мисолида)”.
9) № 9063- “Ўзбекистон Республикаси ҳудудини қайта тикланувчи энергия манбалари асосида географик районлаштириш”.


 Ҳозирги кунда кафедра профессор-ўқитувчилари таркиби қуйидагича:

1. Миракмалов М.Т. – г.ф.н., доцент, кафедра мудири.
2. Сабитова Н.И. – г.ф.д., профессор.
3. Абдуназаров Ў.Қ. – г.ф.н., доцент.
4. Никадамбаева Ҳ.Б. – п.ф.н., доцент.
5. Ибрагимова Р.А. - г.ф.н., доцент.
6. Ҳакимов К.А. – ўқитувчи.
7. Боймуродов Д.Ў. – ўқитувчи.
8. Эргашева Ю.Х. – ўқитувчи.
9. Шамуратова Н.Т. – г.ф.н., доцент (ташқи ўриндош).
10. Шарипов Ш.М. – г.ф.н., доцент (ички ўриндош).

Кафедрада турли йиллари меҳнат қилиб етишиб чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари:
Ю.А. Скворцов-г.ф.д., профессор
Л.Н. Бабушкин-г.ф.д., профессор
Н.Д. Долимов-г.ф.н., доцент
Ҳ.Ҳ. Ҳасанов-г.ф.д., профессор
Н.А. Когай-г.ф.д., профессор.

Кафедранинг ҳозирги кундаги штат бирлиги 8,25 ни ташкил этди, булардан асосий штатдагилар 7,25, жумладан фан докторлар сони 1 та (1,0 шт.б.),   фан номзодлари сони 4 та (3,5 шт.б.), илмий салоҳият 70 % (асосий штат бўйича 62,5 %) га тенг бўлди. Асосий штатдаги профессор-ўқитувчиларнинг ўртача ёши 52,4 ни ташкил этди.


Табиий география кафедраси мудирлари

Корженевский Н.Л. (1935-1959 й.й.) – география фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.
Бабушкин Л.Н. (1959-1975 й.й.) – география фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.
Когай Н.А. (1975-1983 й.й.) –  география фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.
Ҳасанов Ҳ.Ҳ. (1983-1985 й.й.) – география фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.
Маматқулов М. (1986-1987 й.й.) – география фанлари доктори, профессор.
Мамедов Э.Д. (1987-1993 й.й.) – география фанлари доктори, профессор.
Зокиров Ш.С. (1993-1997 й.й.) – география фанлари номзоди, доцент.
Рафиков А.А. (1998-2000 й.й.) – география фанлари доктори, профессор. 
Зокиров Ш.С. (2001-2004 й.й.) – география фанлари номзоди, доцент.
Нигматов А.Н. (2004-2005 й.й.) – география фанлари доктори, профессор.
Миракмалов М.Т. (2005-2013 й.й.) – география фанлари номзоди, доцент.
Шамуратова Н.Т. (2013-2014 й.й.) – география фанлари номзоди, доцент.
Миракмалов М.Т. (2018 йилдан) – география фанлари номзоди, доцент.


Кафедра аъзолари томонидан чоп этилган ишлардан намуналар




  
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura