Хорижий абитуриентлар учун

Мичиган давлат университети профессори ЎзМУда


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректорининг 2019 йил 2 декабрдаги буйруғига асосан АҚШ нинг Мичиган давлат университети профессори, Марказий осиё тадқиқотлари марказининг директор ўринбосори Темур Кожаўғли 10-24 декабрь кунлари Хорижий филология факультети Ўзбек филологияси кафедрасига “Адабиётшунослик (ўзбек адабиёти)” магистратура мутахассислигида “Назарий поэтика” фанидан маърузалар ўқиш учун таклиф этилди.

Темур Кожаўғли ўзбек филологияси, тарихий ва назарий поэтика, жадидчилик ва жадид адабиёти бўйича жаҳондаги етакчи мутахассислардан ҳисобланади. У Туркиядаги Мармара ва Кўж университети, Германия ва Нидерландиядаги тадқиқот марказларида фаолият олиб борган. 2011 йилдан Мичиган давлат университети профессори.

Олимнинг 200 дан ортиқ мақолалари, 100 дан ортиқ халқаро конференциялардаги иштироки давомида туркологияга доир ишлари жаҳон назариётчи олимлари томонидан тан олинган. Ўзбек филологияси билан боғлиқ “Туркча (ўзбекча) сўзлашув китоби” (Истанбул. 1992) 9 тилда (ўзбек, инглиз, турк, озарбойжон, турман, уйғур, қирғиз, қозоқ, татар тилларида) нашр этилиб, дунёнинг барча мамлакатларида ўзбек тилини ўрганувчилар учун муҳим қўлланма сифатида фойдаланилмоқда. “Туркистонда жадидчилик ҳаракатлари ва инқилоблар: 1990-1924” (Хаарлем, Нидерландия, 2001), “Минг бир жумбоқ (Афғонистон ўзбек шеваларида топишмоқлар)” (2018) ва бошқа монография ва тадқиқотларида ўзбек филологиясининг устувор йўналишлари ўз аксини топган.

Темур Кожаўғли ЎзМУ магистрлар учун “Назарий поэтика” фанидан дарс бериш билан бирга Ўзбек филологияси кафедраси ўқитувчилари учун “АҚШда филологияга оид дарслар қандай ташкил этилган?” мавзусида маҳорат дарслари (мастер-класс), бакалавриат талабалари учун “ХХ аср бошлари ўзбек тилининг ҳолати ва адабиётининг оламшумул моҳияти” мавзусида маъруза, суҳбат ва мунозаралар олиб боради.

2019 йил 10 декабрда хорижлик олим кутиб олиниб, ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича Проректори Р.Ҳ.Ширинова томонидан қабул қилинди. Унда Ўзбек филологияси кафедраси мудири  проф. Ҳ.Болтабоев, Халқаро алоқалар бўлимининг вакиллари иштирок этишди. Ўзаро ҳамкорлик руҳида ўтган бу учрашувда ЎзМУ олимларининг СКОПУС журналларидаги иштироки, ўзбек талабаларининг АҚШда  ўқиши ва ўз навбатида АҚШ талабалрини ЎзМУга жалб қилиш масалалари, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, хорижий Грантларда ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.

 

ЎзМУ Халқаро алоқалар бўлими

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura