25 декабрь куни ЎзМУда ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг ватандошимиз, университетимизнинг биология факультети битирувчиси, ҳозирда Лейпциг (Германия) университетининг катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилфуза Эгамбердиева билан учрашув бўлиб ўтди.
Дилфуза Эгамбердиева ЎзМУни тамомлагандан сўнг Гумболт Университетида (Берлин, Германия) таҳсил олиб, дунёнинг нуфузли илмий ва тадқиқот марказларида амалиёт ўтаган. ЮНЕСКО медали соҳибаси, қишлоқ хўжалигига оид 100 дан ортиқ илмий нашрларни чет эл илмий журналларида чоп этган. Унинг мақолаларига етакчи халқаро илмий маълумотлар базаларида иқтибос келтирилади.
ЎзМУнинг ёш тадқиқотчилари билан учрашувда Дилфуза Эгамбердиева Web of Science, Scopus халқаро илмий маълумотлар базаларининг тузилиши ва фаолияти, h-индексига эришиш, халқаро стандартлар ва илмий мақолаларни тайёрлаш методологияси ҳақида батафсил сўзлаб берди. Учрашув давомида Дилфуза Эгамбердиева иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоб берди.
Тадбир сўнггида ЎзМУнинг таянч докторантлари, олимлари ва ёш тадқиқотчилари халқаро бўлим ходимларига ўз миннатдорчилигини ва ушбу шаклдаги учрашувларни тез-тез ўтказилиш истагини билдиришди.
ЎзМУ халқаро бўлими