Хорижий абитуриентлар учун

МАРОҚЛИ КЕЧГАН УЧРАШУВ


Ўзбекистон Миллий университетининг ўзига хос анъаналаридан бири – бунда профессор – ўқитувчи, талабалар билан таниқли санъаткор, адиб, шоир, жамоат арбоблари, элга танилган турли касб эгалари билан қизиқарли учрашувлар, давра суҳбатлари уюштириб турилади. Куни кеча ана шундай ажойиб учрашувлардан бири журналистика факультетида бўлиб ўтди.

Халқаро “Олтин мерос” жамғармаси раҳбари, “Шабнам тераётган қуёш”, “Кўк қушлари” шеърий тўпламлари, “Тарихнинг узилган парчаси”, “Истиқлол тарихидан лавҳалар”, “Боқий атиргуллар”,”Мукаммал инсонни излаб” бадиий – публицистик китоблари, Соҳибқирон шахси ва салтанати тарихи ҳақидаги “Амир Темур ўгитлари”, “Буюклик йўли” китоблари муаллифи, шоир, публицист, таржимон Амирқул Карим факультет жамоаси ва талабалари меҳмони бўлди.

Учрашувда А.Карим ўзининг журналистлик фаолияти, турли даврларда ёзиб, матбуотда эълон қилган публицистик мақолалари, шеърларининг яратилиши, таржималари ҳақида қизиқарли тарзда гапириб берди. Айниқса, журналист сифатида АҚШ, Япония, Исроил ва бошқа мамлакатларга қилган сафарлари, бу мамлакатларнинг тарихи, маданияти, қадриятлари, ажойиб анъаналари, ижодкорлари ҳақида ёзган туркум мақолалари ҳақидаги хотиралари қатнашчиларда жуда яхши таассурот қолдирди. 

Шунингдек, А.Карим учрашувда “Олтин мерос” жамғармасининг Ўзбекистон ва дунё миқёсида олиб бораётган кенг миқёсдаги ишлари, жамғарманинг халқимиз тарихи, маданияти, анъаналарини тарғиб қилиш, муқаддас қадамжойларини асраш, улар ҳақида жамоатчилик ва хорижликларга тўлақонли маълумотлар етказиб бериш баробарида, туризмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.Таниқли журналист талабаларнинг саволларига ҳам жуда яхши жавоб берди. 

Учрашув сўнгида А.Карим талабаларга яқинда нашрдан чиққан китобларини совға қилди. Учрашув ва ўзаро мулоқот жуда қизиқарли, мазмунли кечди. 

                                                                                             Юсуф Ҳамдамов

                                                                                                       ЎзМУ доценти

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura