Хорижий абитуриентлар учун

ПРОКУРОР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ



Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида Тошкент шаҳар прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Прокурор ва ёшлар учрашуви” деб номланди.

       Давлатимиз раҳбарининг “Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш биз олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишидир”, деган фикр-мулоҳазалари айни ўтказилган тадбирнинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттиради.

      Тадбир аввалида Тошкент шаҳар прокуратураси раҳбарияти ёшлар роботехника, кимё, физика, геология соҳасидаги тўгараклар аъзоларининг кўргазмаси билан яқиндан танишди. Шундан сўнг университет талабалари ҳамда Олмазор туманидаги мактабларнинг иқтидорли  ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди.

      Тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий университети талабалари учун ташкил этилган “Прокурорлик дарси” ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконини яратди. Шунингдек, талаба-ёшлар тумандаги 224-мактабда ташкил қилинган 5 ташаббус тўгараклари фаолияти ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлишди. Тадбир сўнггида Олмазор тумани коворкинг марказида стартапчилар билан учрашув ўтказилди.

     Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар  факультети талабаси Гулбону Қувватованинг мулоҳазаларига кўра, “мазкур тадбир ёшларга оид давлат сиёсатининг нақадар муҳимлигидан далолат беради. Бу каби лойиҳаларнинг ўтказилиши  ёшларда нафақат,сиёсий онгнинг оширилиши, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан хабардор бўлиш, қолаверса, келажакда бўлғуси прокурорларнинг шаклланишига омил бўлади. Мен бўлажак психолог сифатида раҳбар ўзини қандай тутиши, касб этикаси, бевосита жамоатчилик билан қандай иш олиб бориши ҳақида кўникмаларга эга бўлдим. Бугунги ахборот асрида ёшларнинг онгини турли бузғунчи ғоя ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда психологик хизматлар барча соҳаларда жуда муҳим ва зарур деб ўйлайман. Маънавий иммунитети паст бўлган, турли бузғунчи ғояларга эргашган ёшлар билан ишлашда ҳам энг аввало, уларнинг психологиясини ўрганиш муҳим саналади”.

    Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имконият яратиш, уларни касбга йўналтириш, ташаббусларини рағбатлантириш, ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини доим ўрганиб, ечим топиш, ёшларимизнинг хулқ-атвори, юриш-туриши, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритиш каби вазифаларни амалга оширишдан иборат.

     Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур учрашувлар Тошкент шаҳар прокурори ва шаҳар халқ қабулхонаси мудири томонидан тасдиқланган учрашувлар жадвали ижроси бўйича туманлар миқёсида ўтказилмоқда.

 

 

                                     ЎзМУ Ахборот хизмати


Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura