Хорижий абитуриентлар учун

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ


Ҳозирги глобаллашув даври маънавий тарбияни янада бойитиш, ёшларни ғаразли ғоялар таъсиридан ҳимоялашни тақозо этмоқда. Ёш авлоднинг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур.Ўсиб келаётган ёш авлодни диний – миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни хар-хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқаро миқёсда ўзини баралла намоён этаётган хатарли воқеликлардан бири, шубҳасиз, диний экстремизм ва ундан озиқланаётган ҳамда диний шиорлар билан ниқобланган терроризмдир. Бугунги кунга келиб, мазкур хатар шу қадар кенг кўлам ва хилма-хил кўринишлар касб этмоқдаки, одамлар, кўпинча, унга эътиборсиз ҳатто, лоқайд бўлиб қолмоқдалар. Бошқача айтганда, «диний экстремизм» ва «халқаро терроризм» деган тушунчалар ҳаётий воқеликнинг ажралмас қисмидек қабул қилинмоқда. Бу - ниҳоятда ачинарли ҳол, албатта.Хўш, нега бундай болмоқда, деган савол туғилади. Сабаби – XIX асрнинг охирларида салтанат соҳиблари ва давлат арбобларига қарши қуролли ҳужумлар шаклида пайдо бўлган сиёсий терроризмни бугун ҳар қадамда учратиш мумкин. ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб, дунёнинг бутун-бутун минтақалари турли-туман террорчилик ташкилотларининг ўчоғига айлана бошлади. Маълумотларга кўра, бугунги дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. 1968-1980-йиллар давомида улар 6700 га яқин террорчилик амалиётини содир этдилар. Натижада 3668 киши ҳалок бўлиб, 7474 киши турли жароҳатлар олган.Замонавий терроризмнинг иккита алоҳида хатарли белгисини ажратиб кўрсатиш мумкин; бир томондан, у тобора шафқатсизроқ ғайриинсоний моҳият, иккинчи томондан, ақлга сиғдириш қийин жуғрофлй кўламлар касб этиб бормоқда. АҚШ Давлат департаментининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда ҳар йили 650 дан ортиқ бундай ҳодисалар содир этилмоқда. Бу дегани - ҳар куни дунёнинг у ёки бу бурчагида кимларнидир қўрқувга солиш орқали муайян мақсадларга эришишни кўзлаган, камида иккита қўпорувчилик амалга оширилмоқда. Хатарли жиҳати шундаки, уларнинг сони мунтазам ошиб бормоқда. Уларнинг олдини олиш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

       Ўзбекистон Миллий университети Математика факультети  томонидан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Олмазор тумани ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган “Мамлакатимизда диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашнинг долзарб йўналишлари”- деб номланган тадбир ҳам айнан шу мақсадларга йўналтирилган.

Мазкур тадбирда бир нечта мутахассислар томонидан диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашишнинг долзарб йўналишлари бўйича маърузалар тингланди. Дастлабки сўз навбати “Ислом яхшиликка чақиради – террорга эмас” мавзусидаги маъруза билан Олмазор тумани “Мирза Ғолиб” жоме масжиди имом-хатибиМ.Султонҳоновга берилди.

– “Бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқий ва диний билимини кучайтириш орқали улар орасида эктремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга асосланган радикаллашувга қарши курашнинг ўзбек модели ўз самарасини бериб келмоқда. Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади. Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир. Диний-экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Юқорида қайд этилганидек, диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар. “Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар. Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”. Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”. Сўнги йилларга келиб турли минтақаларда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган манфур кимсалар ва тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, нохақ қон тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олишига, халқ тинчлиги бузилиб, икки дунё саодатига, эзгуликга етакловчи ислом динига зарар етказиб, мусулмонлар орасида низо чикариб, нифоқ солишга ҳаракат қилаётганлари жаҳон афкор оммасига сир эмас. Улар ўзларини “Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа” деб эьлон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар ҳамда қанчадан қанча юртларни вайрон этмокдалар. Энг ачинарлиси улар ўзларининг бузғунчи ҳаракатларини асослаш учун муқаддас Қурьони каримни нотўғри талқин қилиб, ўз мақсадлари йўлида диндан фойдаланиб, одамларни йўлдан оздиришга уринмоқдалар. Аслида дунёдаги асосий динлардан бири бўлган  Ислом дини моҳият ва эьтибори билан адолат мезони сифатида жахон динлари қатори катта аҳамиятга эга. Қурьони карим ва ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалар ана шу адолатни бир жиҳатдан асословчи, яна бир жиҳатдан эса мусулмонларнинг эьтиқодини белгиловчи илоҳий манба хисобланади. Умуман олганда, ислом дини ахлоқий пок инсонларни шакллантиришда ва тарбиялашда жуда катта аҳамиятга эга бўлган маьнавий қадриятдир. Албатта, етарли диний ва дунёвий билими бўлмаган, миясидан умуминсоний қадриятлар чиқариб ташланган, уларнинг ўрнига ақидапарастлик ғоялари киритилган “манқурт” инсонлар маьнавий қашшоқ кишига айланиб колади.  Бундай кишилар аста секинлик билан бўлсада жамиятда нотинчлик, беқарорликни келтириб чиқаришга ҳаракат қиладилар. Ислом дини ва терроризм умуман бир бирига ёт нарсалар эканини ҳамиша ёдда тутайлик”.

Керакли материалларга бой бўлган маърузадан кейин “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги маъруза билан сўз Олмазор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими терговчиси А.Раҳматуллаевга берилди.

– “Сўнгги пайтларда бутун дунё мамлакатларини диний экстремизм ва терроризм ташвишга солиб келмоқда. Ҳозирда диний экстремизм ва халқаро терроризм дунё мамлакатлари учун нафақат ташқи, балки ички хавфсизликка ҳам дахлдор масалага айланди. Ўзбекистон диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳуқуқий жараёнларни тартибга солиш, экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш учун ўзининг ички сиёсатида ҳам тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда мазкур йўналишдаги фаолиятнинг ҳуқуқий асослари мужассам этилиши билан бирга дин ниқоби остида экстремистик ғояларнинг тарқалишига чек қўйилди. Республикамиз экстремизм ва терроризм билан бирга уни молиялаштириш билан узвий боғлиқ бўлган наркобизнес ва наркотрафикка қарши курашда ҳам қатъий сиёсат олиб бормоқда. 1999 йилда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги, 2000 йилда «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги ва 2006 йилнинг 1 январидан амалга киритилган «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилингани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан «Геноцид жиноятининг олдини олиш тўғрисида», «Ёлланма одамларни жалб қилиш, фойдаланиш, уларни молиялаш ва таълим беришга қарши кураш тўғрисида”, «Бомбали террорчиликка қарши кураш тўғрисида», «Пластик портловчи моддаларни топа олиш мақсадида уларни маркировка қилиш тўғрисида»ги бир қатор халқаро конвенциялар ҳам ратификация қилинган. Республикамиз томонидан террорчиликка қарши амалга оширилаётган бу каби тадбирлар тинчликни сақлашда катта аҳамият касб

этади. Айниқса, қатор давлат идоралари, жумладан, мудофаа, фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар вазирликлари, миллий хавфсизлик хизмати, чегара, божхона ва прокуратура идораларининг террорчиликка қарши курашдаги фаолиятини тизимли йўлга қўйиш бугунги кун талабидир. Ўзбекистон Европа Кенгаши доирасида ҳам терроризмга қарши курашга қаратилган 7 та халқаро шартномани имзолаган. Уларнинг ичида 1977 йилдаги терроризмнинг олдини олиш, 1978 йилдаги шахсларнинг ўқотар қуролларни сотиб олиш ва уларнинг сақланишини назорат

 қилиш, 1983 йилдаги зўравонлик билан амалга оширилган жиноятлар

оқибатида жабрланганларга компенсациялар бериш тўғрисидаги Европа Конвенциялари ва бошқа халқаро шартномалар имзоланганини таъкидлаш ўринли. Қайд этилган конвенция ва протоколларда мустаҳкамлаб қўйилган қоидалар республикамизда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда ҳам изчил ифодасини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси экстремизм ва терроризмга қарши кураш масалаларида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Ислом конференцияси ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаол иштирок этмоқда.

          Давра суҳбати иштирокчилари томонидан экстремизм ва терроризмга қарши курашда ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган маънавий-маърифий тарбия муаммолари, глобаллашув шароитида таълим-тарбия тизими орқали ёшларнинг қатъий фуқаролик позициясини, уларнинг онгида зўравонлик ва ёт ғояларга муросасизликни шакллантириш, экстремизм ва терроризм умумий профилактикаси, экстремизм ва терроризмга қарши курашишда Ўзбекистон ёндашувларининг халқаро-сиёсий аҳамияти ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Тадбир давомида турли бузғунчи кучларга қарши кураш талаба-ёшлар олдига ҳам жиддий вазифалар қўяётганлиги ва қўшимча масъулият юклаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Давра суҳбати қизғин руҳда ўтди, иштирокчилар ушбу масалалар бўйича ўзларининг тўплаган билим ва бой тажрибаларини ўртоқлашдилар, қизиқарли фикр-мулоҳазалари ва таклиф-тавсияларини баён этди. Талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар атрофлича тушунтириб саволларга жавоб бердилар.

Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитет шакллантириш Ўзбекистондек буюк Ванатимиз келажагига ўзини маъсул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг муҳим вазифаси бўлиб қолади.

 

Баҳтиёр МАМАСОЛИЕВ,

ЎзМУ Математика факультети декан ўринбосари

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura