Хорижий абитуриентлар учун

Арманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси ЎзМУга ташриф буюрди.


Арманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси ЎзМУга ташриф буюрди

26 феврал куни Арманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Арам Григорян ЎзМУга ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонни университет ректори Авазжон Мараҳимов, халқаро алоқалар бўйича проректор Раима Хакимовна ва илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ғолибжон Ботировлар кутиб олдилар.

Учрашув давомида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов университетнинг бой тарихи ва замонавий кўп қиррали фаолияти тўғрисида сўзлаб берди. Хусусан, ректор Авазжон Марахимов Холон технологик институти (Исроил), Қозон Федерал университети (Россия) билан интеллектуал технологиялар, ахборот ва кибер хавфсизлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган факультетлар билан олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берди. ЎзМУдаги ушбу бўлимлар ёш олимлари ва иқтидорли ходимлари ҳозирда номи келтирилган хорижий университетларда маърузалар ўқимоқдалар. Шунингдек, ректор Авазжон Мараҳимов университетда сўнгги уч йил ичида амалга оширилган халқаро илмий лойиҳалар ҳамда талабалар ва ўқитувчилар алмашинув дастурлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Арманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Арам Варданович Григорян олий таълим тизими ҳақида гапириб бери. Унинг таркибида Ереван давлат университетидан ташқари политехника, тиббиёт, тил, славян, америка, француз ва бошқа университетлар ҳам фаолият юритади. Элчи жаноблари яқин келажакда ўзи ўқиган Ереван давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўзбек тили ва адабиёти бўлимининг очилишига ҳисса қўшиш ниятини билдирди. Арам Варданович Григорян ЎзМУ ва Арманистоннинг етакчи университети - Ереван давлат университети ўртасида ҳамкорлик шартномаларини имзолашда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ҳамкорликка қилинадиган биринчи қадам сифатида Элчи жаноблари ЎзМУ негизида арман тили ва адабиётини ўрганиш марказини очиш таклифини берди. У ерда унинг ватандошлари - Ўзбекистон фуқаролари ўз она тиллари, тарихи ва маданиятини ўрганишлари мумкин.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов кенг кўламли масалалар бўйича қўшма таълим, алмашинув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, ректор Авазжон Марахимов Элчи жанобларини бугунги кунда ЎзМУ Ереван давлат университети базасида Ўзбекистон-Исроил-Арманистон қўшма технология факультетини ташкил этиш, қолаверса, талабалар, ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун алмашинув дастурларини тадбиқ қилиш бўйича ташкилий масалаларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.

Дўстона учрашувда томонлар олий ўқув юртлари юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни турли миллат ва элатларнинг маданияти ва эътиқодларига ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш орқали миллий тараққиёт пойдевори бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Учрашув якунида ректор Авазжон Марахимов ва жаноб Арам Григорян Арманистоннинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш бўйича консултациялар ўтказишга келишиб олдилар.

ЎзМУ халқаро бўлими

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura