Хорижий абитуриентлар учун

Карантиндаги ғолиблар

Хабарингиз бор Ўзбекистон Миллий университети ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан онлайн  видеоролик ва иншолар танлови эълон қилинган эди.

          Ушбу танловда бугунги синовли кунларда том маънода қаҳрамонлик кўрсатиб, бутун миллатни асраб қолишдек буюк ишларни амалга ошираётган, тун-у кун меҳнат қилаётган азиз шифокорлар, миллий гвардия ва ички ишлар ходимларининг  юксак жасоратлари акс этган видеоролик тайёрлаш ва иншо ёзиб юбориш лозим эди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки ушбу танловда талабалар жуда фаол қатнашиб, жами 100 дан ортиқ видеоролик ва иншоларни юборишди. Талабалар томонидан юборилган ижодий ишлар ҳакамалар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Унга кўра;

          Энг яхши иншо номинацияси бўйича Математика факультети ахборот хавфсизлиги йўналиши 1-босқич талабаси Омонова Нилуфар ғолиб деб топилди.

Қаҳрамонларни давр яратади

Бу жумлани аввал қаердадир ўқигандим. Аммо ўшанда мазмунини жиддийроқ ўйлаб кўрмаган эканман. Дунёда юзага келган вазият ўзимиз, ўзлигимиз, табиат, жамият ва инсон ҳақида мушоҳада юритишга мажбур қиляпти. Ҳақиқатан, ниҳоятда таранг, олдиндан бир нарса дейиш қийин бўлган тарихий даврни бошдан кечирмоқдамиз. Қарийб бир миллион йил давомида оламга ҳукмронлик қилган инсоният насли хавф остида қолгандек. Шундай таҳликали пайтда ҳам атрофимизда қаҳрамонлар яшаётганини ўйлаш кўнгилдан илиқ кечинмалар ўтказади.

...Мен у кишини танимайман. Аммо кунда бўлмаса ҳам кунора унга дуч келаман, десам муболаға эмас. Эҳтимол, бу касбни мен туғилмасимдан анча аввал бошлагандир. Гап эрта тонгда туманимиз кўчаларини супуриб юрадиган аёл ҳақида боряпти.

У Жомбойни ўзига тегишли, деб ўйлайди. Виждонан ўйлаб кўрсам, аслида ҳам шундай экан. Мен ва менга ўхшаган минглаб ёшлардан кўра, туманимизга унинг нафи кўпроқ тегяпти...

Бола эдик. Адашмасам, 4-5 синфда ўқиб юрган кезларим. “Жомбой тонги” таҳририятига илк қораламаларимни олиб боргандим. Ёзганларим хом эканми, муҳаррир талабчанлик билан таҳрир қилди. Негадир, бундан қаттиқ таъсирландим. Кўчага чиқдиму, энди ҳеч қачон шеър ёзмайман, деб қарор қилдим. Дафтаримни ғижимлаб йўл четига улоқтирдим. Фаррош аёл билан илк бор ўшанда танишганман.

У бир менга қараб қўйдию, яна ишини давом эттирди. Кейинчалик ижод менинг тақдирим эканини тушуниб етдим. Қизиқ, ўша аёл ҳам касбини шунинг учун тарк этолмаса керак. Чиндан ҳам у энг фидойи инсон эди. Бунга кўп йил бўлди. Фаррош аёл ёшроқ, навқиронроқ эди...

Карантин сабаб ўқишдан таътилга чиқдик. Тунов куни дўконга чиқишимга тўғри келди. Ўша аёлга яна дуч келдим. Кексайибди...

Одамлар хасталик юқтириб олмаслик учун яқинларидан ҳам ўзини тортган бир пайтда у туманимиз озодалиги учун ҳамон чиқиндиларни тозалаяпти. Жомбойликман деган номга мендан кўра, у ҳақлироқ эканини дилдан туйдим...

 Бугун тиббиёт ходимларини давр қаҳрамонлари, деяпмиз. Ҳеч муболаға йўқ. Юзлаб шифокору ҳамширалар хасталик юқтириб олган юртдошларимизни даволаш учун жонларини хавфга қўйишаётгани рост. Шу билан бир қаторда ободончилик тизими ходимларини ҳам қаҳрамонлар қаторига қўшсак, арзийди.

Кеча онам бир гап айтиб қолди. Қўшнимиз эҳтиёжмандлар учун бепул тиббий ниқоб тикиб бераётган экан. Бир қарашда оддий ҳолдек, туюлади. Бугун юрт бошига синов тушганда хайрияга бел боғлаган саховатпеша инсонлар шукурки, кўп. Аммо... ўша қўшнимиз ўзи ногирон...

Онамнинг айтишича, туман ҳокимлигига мурожаат қилибди. Агар хомашё етказиб беришса, ҳақ олмай ниқоб тикиб беришини айтибди. Негадир бу ҳол менга ўзгача таъсир қилди. Кимлардир вазиятдан фойдаланиб, нархни оширишдай пасткашликка қўл ураётган бир пайтда имконияти чекланган аёлнинг фидойилик кўрсатиши ҳаммамизга ибрат эмасми? Давр ўз қаҳрамонларини яратгани шу аслида!

Кўп ўйладим. Хўш, менчи?!

Айни пайтда ёшмиз. Бизнинг қўлимиздан келадиган бирдан бир иш уйда қолиб, дуо қилиш. Ҳукумат томонидан белгиланган қоидаларга бўйсуниш энг катта қаҳрамонлик.

Аммо кўнглим тўлмади. Қўл қовуштириб тургим келмади. Ҳеч бўлмаса, ҳақиқий фидойилик кўрсатаётган юртдошларим ҳақида нимадир ёзиб, уларга миннатдорчилигимни шу йўсин билдирай дедим. Бу менинг синов пайтида халқим бирдамлигига қўшган ҳиссам бўлсин.

Нилуфар ОМОНОВА

Ўзбекистон Миллий университети

 математика факультети 1-босқич талабаси

          Энг яхши видеоролик номинациясига эса Тарих факультети археология йўналиши 2-босқич талабаси Фарходов Файзулла томонидан тайёрланган видеоролик муносиб деб топилди. Ҳар иккала ғолиб фахрий ёрлиқ ва ажойиб китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

                                 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura