Хорижий абитуриентлар учун

Нега урушни унутолмаймиз?

Олам аҳли бингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизга-ки, эрур ёрлуғи иш.

(Алишер Навоий)

Жомбой туманидан Иккинчи жаҳон урушига қарийб 10 минг аскар жалб этилган. Бугун улардан фақат Ғазира маҳалласида истиқомат қилувчи Ғанибой Тожибоевгина ҳаёт. Яқинда ғалабанинг 75 йиллиги арафасида у кишининг хонадонига бордим.

***

Жаҳон баргдан аста думалаб бораётган шабнам томчисини эслатади. Шабнам оқибат жарлик сари тойиб кетмасмикин, балки, шу тойишнинг номи урушдир?

Қачонлардир биз инсонлар заминнинг бир парчасидан бунёдга келган эдик. Аслида барчамизнинг онамиз бўлган замин ҳам бобо қуёшнинг бир арзандаси эди. Сайёрамизни коинотнинг барча аъзолари ногаҳоний бирон тошга урилиб кетмасин, дея асраб келаётган бир паллада, биз ўз онамизнинг ҳалокати сабабчиси бўлиб қолмасайдик. Одамзод яралиб, сайёрамиз оналик бахтига мушарраф бўлган кезларда, унга “Олам” таърифи берилганда, олам атамаси инсон тилидан илк бор “онам” шаклида айтилган бўлса ажаб эмас.

Инсон зотининг тафаккури ҳали тараққий топмаган кезларда ер бизга бор меҳри ила ризқ тутди. Энди оёққа тура бошлаган инсон тамаддуни меҳнат қуроли сифатида тошни қўлига олганда она табиат фарзандининг ишбилармонлигидан қанчалар қувонган бўлса, тошни бир-бирига қарата отганида шунчалар фаромуш тортгани шубҳасиз. Тош отишдан бошланган ихтилофлар зиддиятларга туташди, зиддиятлар эса урушга...

Бадиий адабиётда уруш мавзуси доим мени ўзига тортади. Мутолаадан сўнг адоқсиз ўй-у, ҳаёллар қуйилиб келаверади. Жавоб тополмай хунобим ошади. Бу саволларга эса на жавоб бор, на адоқ.

Уруш. Бу сўз беихтиёр ХХ асрда бўлиб ўтган икки жаҳон урушини эслатади. Ҳозирги тилимиз луғатида бу сўз маънан торайиб шу урушларнигина англатадигандек. Аслида инсоният тарихи давомида умрининг 2/3 қисмини урушларга сарф этган экан. Уруш бу дарё-дарё инсонлар қони деган гап-ку! Наҳотки биз бир аср бадалига икки бора умумжаҳон уруши қилсак?! Биринчи жаҳон уруши ўн миллион, иккинчи жаҳон уруши эллик миллион ҲАЗРАТИ ИНСОНнинг муқаддас умрини завол қилди. Инсон зоти шу қадар тубанмиди? Бу фақат ҳалок бўлганлар сони. Яна қанча инсонлар бедарак кетдилар, жаҳон маданияти кўрган маънавий зарар, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни издан чиқарган мислсиз кўргуликларни ҳали дунё тарихи кўрмаган эди. Энди бир фикр юритиб кўрайликчи, шу қадар катта йўқотишлар эвазига инсоният қандай ютуққа эришди?

Инсоннинг қонида шундай ақида бор: бу менинг ерим, бу менинг сувим, бу меники! Тўғри, инсон ўзи туғилган тупроқни Ватаним дея ардоқлаши, унга муҳаббат қўйиши табиий. Бу инсоний бурч! Аммо, Ватан туйғуси бошқа, ўзганинг Ватанига вахшийларча бостириб кириш умуман, бошқа-бошқа масалалар! Қизиқ, инсон боласи парча ер талашиб бир-бирини қонини тўкади. Аслида ер инсонга эмас, инсон ерга тегишли эканлигини, эртами, кечми барибир унга қайтажагини ўйламайди.

Уруш шундай бир улкан ижтимоий ҳодисаки, айни содир бўлган пайт ва жой билан биргаликда ўзидан бир неча йиллардан кейин туғилган инсонлар тақдирига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Уруш бўлаётган жойлардан минглаб чақирим олисларга ҳам шарпаси ёйилади. Уруш битгач у етказган жароҳат йиллар давомида битмайди, одамлар қалбида аччиқ армон бўлиб қолаверади.

Биринчи жаҳон уруши тамом бўлганига қарийб бир аср, Иккинчи жаҳон уруши битганига эса етмиш беш йил бўлди. Бу уруш дахшатларининг тирик гувоҳлари деярли қолмади. Қайсидир маънода бу урушлар кулфати бирмунча унутилди. Унда нима учун ҳар йил 9 майни маҳзун ва шодумонлик аралаш туйғу билан нишонлаймиз?

Бугунги кунларда ҳам қайсидир пучмоқдан туриб ер юзида янги уруш алангаларини очмоқчи бўлган ғаламислар бор...

Биз инсонлар ТИНЧЛИК деб аталган неъматнинг қадрига етмасак, яна ўша фожиалар содир бўлмайди, деб ҳеч ким айта олмайди...

Ҳеч ким!

Ғани бобо Тожибоев хонадонидан ана шундай ўйлар гирдобида чиқдим.

                                                Омонова Нилуфар Журабек кизи.

     Математика факултети Ахборот хавфсизлиги 1-курс талабаси.


Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura