Хорижий абитуриентлар учун

Беҳбудийга Чўлпоннинг эҳтироми

Мумтоз адабиётда марсиялар подшоҳларга, яқин қариндошларга бағишлангани маълум. Жадид шеърияти намояндалари марсиянинг мазмунида ҳам, композициясида ҳам ўзгариш қилгани кузатилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги олдидан

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб даврида маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланиши айтилди. "Биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади" дейилди Мурожаатномада.

Мумтоз адабиётда марсиялар подшоҳларга, яқин қариндошларга бағишлангани маълум. Жадид шеърияти намояндалари марсиянинг мазмунида ҳам, композициясида ҳам ўзгариш қилгани кузатилади. Хусусан, Чўлпон марсиялари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исмоилбек Гаспиринский, Абдулла Алавий, Мулланур Воҳидов каби ўша даврнинг машҳур адабий сиймоларига бағишлангани ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Чўлпон марсиялари шоирнинг бирор яқин кишиси, қариндоши, оила аъзоси вафоти муносабати билан ёзилган марсиялар билан бир қаторда, шоҳлар ва амалдорлар, устозлар вафотига атаб ёзилган марсиялар ҳам кўп учрашига ёрқин мисол бўла олади. Бу жиҳатдан шоирнинг Туркистон жадидчилик ҳаракати асосчиси, драматург, шоир ва ношир Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига бағишланган марсияси, айниқса, характерлидир.

Марсия шоирнинг дастлаб “Булоқлар”, сўнгра “Яна олдим созимни” тўпламларида чоп этилган. Мураббаъ жанрида ёзилган ушбу марсияда Беҳбудийнинг пок хотираси улуғланган. Шоир вафотидан таъсирланган Чўлпон унинг қабрини излагани, бироқ бунинг иложсиз иш эканини ўзига хос поэтик талқин этади:

Белгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз кўйи юришимни тезладим.
Амалимнинг юлдузиким кўз тикди
Қора, жирканч, ўлим кони – ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?” – деб
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга.

Бу мисралар Беҳбудийнинг бевақт содир бўлган сирли ўлими Чўлпонга нақадар қаттиқ таъсир қилганини кўрсатади. “Қора, жирканч, ўлим кони – ерларда” қадрдон устозининг белгисиз қабрини, азиз изларини излаган шоир йўқотгани қайда эканини сўрагани – мустабид тузум яловбардорлари Чўлпоннинг ўзини ҳам маҳв этиши тайин эканини сезади. Бироқ у ҳар қандай шароитда ўз олдига қўйган мақсадидан қайтмаслигини шеърий мисралар тагматнига маҳорат билан сингдириб юборади:

Қўлиндаги тутам-тутам гулини
Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш ишди.

Марсия аввалидаги “Қўлиндаги тутам-тутам гулини Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди” сатрлари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Чўлпон учун нечоғлиқ қадрли сиймо эканига далил. Академик Наим Каримов Беҳбудийнинг фожиали ўлими тўғрисидаги хабар 1921 йил март ойида келгани ҳақидаги Ҳожи Муин хабари ишонарли эмаслигини таъкидлар экан: “Фитрат, Чўлпон ва С.Айнийнинг Беҳбудий вафотига бағишланган шеърлари 1920 йилда ёзилгани”ни бунга далил сифатида келтиради. Олимнинг фикрича: “Беҳбудийнинг содиқ дўстлари ва издошлари устоз ҳалок этилганидан бир йил ўтгач, 1920 йилнинг апрель ойида хабар топган. Улар шу вақтнинг ўзиданоқ Беҳбудий ўлими сирини билишни, унинг жасади қаерга дафн этилганини аниқлашни шогирдлик бурчи деб билганлар”. Лекин Чўлпон таъбири билан айтганда, “Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда” бунинг имкони топилмаган. Шунинг учун ҳам шоир қаламидан қалбидаги изтироб оҳанглари тўкилади:

Мен-да ожиз у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб, кўз ёшимни тўкмакка
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда
Оқ каллалик қора девни сўкмакка.

“Оқ каллалик қора дев” – мустабид тузумни Чўлпон шундай таърифлайди. У билан олишмоққа ожизлигидан афсус-надомат чекади. Ўзини Беҳбудийнинг издоши деб санаган, унинг пок руҳи олдидаги масъулиятни теран ҳис этган Чўлпон устозига муносиб бўлишга шай эканини алоҳида уқтиради. Бамисоли устози каби шеърият осмонида юлдуз бўлиб, ярқираб нур сочиш ҳақидаги орзуини қуйидагича талқин этади:

Шунинг учун юлдуз каби ярқираб
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб чизган йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.

“Азиз отам” сифатлаши ҳам Чўлпоннинг Беҳбудийга ҳурмати қанчалар баланд бўлганидан далолат беради. Шодлик гули сўлиб, қўлида мотам гули тутган шогирд кўнглидаги дард чўнг, изтироблари чегара билмайди. Мана бу сатрлар ана шу туйғуларнинг бадиий ифодаси ўлароқ ижод этилганини пайқаш қийин эмас:

Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин
Ер остида пок руҳинг-ла сезмайсен.

Юқоридаги байтни шарҳлар экан, чўлпоншунос Нормат Йўлдошев бундай фикр билдиради: “Гул – тимсол сифатида табиат ва инсон руҳиятидаги уйғунлик, илоҳий бирлик моҳиятини ташкил этса-да, юқоридаги парчаларда полифоник хусусиятидан ташқари, давр фожиаларини ёритишда муҳим восита бўлиб келган”. Дарҳақиқат, шоир қўлидаги гулларнинг “мотам гули” экани, “шодлик гули кўпдан бери сўлған”и тасвири замирида миллатнинг тараққий боғи хазонга айланиши жараёни ифодаланганки, бундай талқин марсиядаги изтироб оҳангини кучайтиришга хизмат қилган.

Чўлпон 1913 йилдан Беҳбудий муҳаррирлик қилган “Ойна” журналига мақола ва хабарлар жўнатиб турган ва унинг ижодини кузатиб борган. “Падаркуш” драмаси ҳақидаги фикрларида ҳам буюк замондошига бўлган эҳтироми ифодаси кузатилади: “Падаркуш” ёзилғандин кейин ёшларимизда катта бир рағбат ҳосил бўлуб, ҳар шаҳарнинг саҳналарида ўйналди. Тошканд, Самарқанд, Хўқанд каби марказларда икки-уч мартаба ҳам ўйналди. Ишта булар миллатнинг интибоҳига (сезгирлик, ҳушёрлик) хайрли бир фолдир...”.

Чўлпон “Икки йўқотиш” мақоласида ҳам “Маҳмудхўжа отамиз садаф доналарининг имоми бўлиб кетдилар” дея ўкинч билан таъкидлаб ўтган. Беҳбудийнинг фожиали ўлимидан нафақат Чўлпон, балки бутун Туркистон таъсирланган. Бу ҳақда 1920 йил Самарқандда чоп этилган “Меҳнаткашлар товуши” газетасидаги мақолада бундай ёзилган: “Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўлбошчиси эди. Маҳмудхўжа ўзининг Туркистон боласи эканини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга, Туркистонга ҳар нарса эди... Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихига ёруғ бир чароғ эди. Маҳмудхўжанинг оти Туркистон тарихига зийнатлик мумтоз ўринни олишга муносиб бир зотдир”.

Марсия қуйидаги аламли сатрлар билан ниҳояланади:

Ана, сочдим қалбимдаги гулларни,
Термак учун чақираман қулларни...

Ушбу мисраларда Чўлпон ўзи сочган мотам гулларини, исён гулларини термак учун қулларни чақирар экан, улар қалбида мустабид тузумга нисбатан нафрат, озодлик учун курашга интилиш учқуни пайдо бўлишидан умид қилади. Марсиянинг бундай якуни шоир мансуб миллий уйғониш шеъриятининг моҳиятини ўзида мужассам этгани билан характерлидир.

Хулоса қилиб айтганда, Чўлпоннинг устози Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишланган марсияси мазкур жанрнинг оригинал намунаси бўлиши баробарида, шоирнинг маслаги, миллий озодлик ғояси йўлидаги сабот ва матонати бадиий талқин этилгани жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир.

Шаҳло ҲОЖИЕВА,

Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ўқитувчиси,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura