Хорижий абитуриентлар учун

РЕГБИ ФЕДЕРАЦИЯСИ ЎзМУ БИЛАН МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, спортнинг ҳар хил турларини, шу жумладан регбини янада оммалаштириш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар ва инфратузилма яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда регби республикамизда жадал ривожланаётган спорт турларидан биридир. Ўзбекистон регби федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди ҳамда фаолият кўрсатмоқда, регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси нуфузли халқаро мусобақаларда («Asian Olympic Pre-Qualifier», «Asian 7’s») фаол иштирок этиб, шарафли ўринларни эгаллаб келмоқда, ушбу жамоа Осиё минтақасидаги давлатлар орасида кучли саккизликка киради.

Шу билан бирга, моддий-техник база ва инфратузилманинг етарли эмаслиги, регби бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг уйғун тизими яратилмаганлиги соҳанинг янада ривожланишига ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Регбини янада ривожлантириш, уни республика аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш, юқори сифатли ўқув-машқ жараёнини таъминлаш, регбичилар, тренерлар ва ҳакамларнинг маҳорат даражаси ва малакасини доимий ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, регбичи-спортчиларни тайёрлаш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 октябрдаги ПҚ–4500-сонли «Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган бўлиб, ундаиқтидорли спортчи ёшларни танлаб олиш (селекция ишлари) фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва регби бўйича ўқув-машқ жараёнини сифатли ташкил этиш, регбини оммалаштириш, ёшларни спорт клублари, секциялар ва тўгаракларга фаол жалб қилиш, улардан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш, тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун унинг сифатли ва самарали тайёргарлигини таъминлаш, халқаро мусобақаларнинг ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантириш, шунингдек, тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, регбининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш белгилаб берилган.

     Айтиш жоизки, ушбу спорт тури юртимизга кириб келганига кўп бўлгани йўқ. Айни пайтда регбини юртимизда оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Бироқ, Президент қарори билан мамлакатимизда регби спортини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси яратиб қўйилган бўлсада, амалда бажарилаётган ишларни қониқарли, деб бўлмайди.

Шу маънода Давлат раҳбарининг Фармони ижросини биринчилардан бўлиб таъминлашга киришган ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов томонидан олиб борилган саъй харакатлар натижасида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ЎзМУнинг Таэквондо ва спорт фаолияти факультетида регби бакалавриат таълим йўналишига 45 нафар талаба қабул қилинди.

Олиб борилган ишларни янада кучайтириш ва тизимли ишларни йўлга қўйиш мақсадида, шунингдек, университет ҳаётидаги бошланаётган янги тарихий қадамга расмий мақом бериш учун Ўзбекистон Миллий университетига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Регби федерацияси Президенти Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Регби федерацияси бош котиби Қахрамон Жалилов, Ўзбекистон Регби терма жамоаси бош мураббийси Данил Куликовлар ташриф буюришди.

Меҳмонларни университет раҳбарияти билан биргаликда  факультетларда бугун таҳсил олаётган талабаларимиз: спорт турлари бўйича 11 нафар жаҳон чемпионлари, 100 га яқин Осиё ва Халқаро мусобақалар ғолиблари кутиб олишди. Чинакам спорт байрамига айланиб кетган қарийб икки соат давом этган “Ёшлар ва спорт” очиқ мулоқоти ҳам қизғин баҳс-мунозара, таклиф ва мулоҳазаларга бой бўлди.

Тадбир якунида талаба-ёшлар даврасида мамлакатимиздаги оммавий спорт тарғиботчиси ЎзМУ ректори, профессор Авазжон Мараҳимов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Регби федерацияси Президенти Содиқ Сафоевлар ўртасида мамлакатимизда аёллар Регбисини ривожлантириш, республикамизнинг олис чекка-чекка ҳудудларидаги хотин-қизлар орасидан спортга иқтидори ва қизиқиши борларини топиш, тарбиялаш ва келажакда Ўзбекистон номидан Жахон чемпионатлари, Олимпида ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги хамкорлик меморандуми имзоланди.





Равшан ОМОНОВ
ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura