Хорижий абитуриентлар учун

“Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида байрам сайллари ўтказилди

Наврўз - бу янги кун, янгиланиш, ёшариш ва нафосат байрами. Наврўз барчамиз учун шарқона янги йил дебочаси, маънавиятимизнинг бир қисмига айланиб улгурган энг қадимий, асл миллий байрам сифатида эътироф этилади. Покланиш ва янгиланиш байрами Наврўз арафасида сайилгоҳларга катта дошқозонлар ўрнатилиб, сумалаклар пиширилади, хотин-қизлар баҳорий кўкатлардан сомсалар ёпишади, турли миллий таомлар тайёрлашади.

Бугун “Наврўз” умумҳалқ байрами муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетида “Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида профессор-ўқитувчи ва талабалар учун байрам сайиллари  ўтказилди. Наврўз сайлига баҳорий таом – сумалак солиш билан старт берилди. Анъанага мувофиқ сумалакка университет ректори, профессор Иномжон Мажидов бошчилигида фахрий устозлар, оқсоқол педагоглар ва талаба-ёшлар иштирокида оқ фотиҳа берилди. Университет ректори, профессор, Иномжон Маджидов сўзга чиқиб байрам сайлига ташриф буюрган меҳмонлар, университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларни Наврўз – умумҳалқ байрами билан самимий муборакбод этди.

Мазкур байрам сайлида ҳар бир факультет талабаларининг 12 та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Марказий Осиё ҳалқларининг урф-одатлари, миллий либослари, қадриятлари ҳамда баҳорий кайфият улашувчи деворий газеталари, шунингдек қуй-қўшиқлари садолари остида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Байрам тадбирида талабалар 3 та шарт, яъни талабалар турар жойлари ҳудудида факультетларга тақсимланган вилоятларнинг урф-одатлари ва анъаналари намойиши, “Моҳир ошпазлар” ва “Юртимизда Наврўз!» мавзусидаги деворий газеталар танлови бўйича ўзаро беллашдилар. Шунингдек, талабалар анъанавий миллий ўйинлар, кураш, арқон тортиш, шахмат ва шашка мусобақаларида фаол иштирок этди.

Наврўз сайли барчага баҳорий кайфият ва ўзгача шукуҳ бағишлади. Ҳурматли устозлар, азиз талабалар! Барчангизни кириб келаётган Наврўз айёми билан чин дилдан табриклаб, ҳонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, дастурҳонингизга  файз-у барака ва ҳар кунингиз Наврўз бўлишини  тилаб қоламиз. 




                                                        Ёшлар билан ишлаш, 

маънавият ва маърифат бўлими

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura