Хорижий абитуриентлар учун

Туркиялик мутахассиснинг маҳорат дарси

Дунё кўрган – дунё билан бўйлашади, деган ҳикматли гап бор.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бугун 30 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг нуфузли олий таълим муасссасалари билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйилган. Журналистика факультети талабаларига ҳам вақти-вақти билан хорижлик мутахассислар маҳорат дарслари ўтиб туради.

Яқинда Туркия Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг матбуот бўйича эксперти Давут Гази Бенли “Чет эл элчихоналари Ахборот хизматининг мамлакат оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги” мавзуида ўтган он-лайн маҳорат дарси ЎзМУ Журналистика факультети 1-курс талабаларида катта қизиқиш уйғотди.

Давут Гази Бенли Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида алоқа ва матбуот маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатган кезлари Ўзбекистон ОАВ ходимлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда қатор лойиҳаларни амалга оширишда кўп ташаббуслар кўрсатгани яхши маълум. Туркиялик мутахассис 2017 йилдан буён ЎзМУ Журналистика факультети билан ҳамкорликни йўлга қўйган эди.




Видеоконференцалоқа шаклида ўтган маҳорат дарсида Журналистика кафедраси доценти Тўлқин Эшбеков Ўзбекистонда журналист кадрлар, хусусан, Ахборот хизмати ходимлари тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган маърифий ишлар ҳақида қисқача маълумот берар экан, бу борада халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш изчил йўлга қўйилиши қанчалик самара беришини алоҳида таъкидлади.

Таниқли халқаро журналист Давут Гази Бенли Туркияда матбуот соҳаси бўйича етакчи экспертлардан бири ҳисобланади. У инглиз, немис, араб ва ўзбек тилларини мукаммал билади.

– Мен Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида фаолият юритган кезларим ўзбекистонлик журналистлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказган эдик,– деди Давут Гази Бенли.– Ўша кезларда Туркияда бир неча марта медия-турлар ташкил этганмиз. Бу анжуманларда ўнлаб ўзбек журналистлари қатори ЎзМУ Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбеков ҳам бир неча марта фаол иштирок этганини яхши эслаймиз. Унинг Туркия таассуротлари ҳақида ёзган очерклари бизда катта таассурот қолдирган. Умид қиламизки, бугун мана шу даргоҳда таҳсил олаётган бўлғуси журналистлар ана шундай илмий-ижодий ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттирадилар.




Туркиялик мутахассиснинг журналистика, жумладан, Ахборот хизмати фаолиятини такомиллаштириш юзасидан билдирган фикрлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Интерфаол шаклида ўтган он-лайн маҳорат дарсида талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

 

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

  ЎзМУ Журналистика факультети декани 
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura