Хорижий абитуриентлар учун

“Соҳибқирон Амир Темур – Адолат ва қудрат тимсоли” мавзусида илмий-маърифий анжуман ўтказилди

Соҳибқирон  Амир Темур – ўзлигимизни англаш миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир. Амир Темурнинг “Aдолат кучда эмас, куч адолатдадир” деган шиори Темурийлар салтанатининг барча ҳудудларида ахлоқий-маънавий мезонга айланган. Мана шундай адолат асосида ўрнатилган тартиб-таомиллар мамлакатда тинчлик-осойишталикни таъминлаган, одамларни ҳалол меҳнат қилишга, тадбиркорлик, яратувчанлик руҳи билан яшашга ундаган. Бу йил Соҳибқирон бобомиз Aмир Темур таваллуд топганига 685 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий, илмий анжуманлар, темуршунос олимлар билан давра суҳбатлари ўтказилмоқда. 



– Амир Темур шахсини идрок этиш–тарихни идрок этишдир, –  дейди университет ректори, профессор Ином Маджидов. – XIVасрнингиккинчи ярмиXV аср Ватанимиз тарихида воқеаларга ниҳоятда бой тарихий ижтимоий сабоқ даври ҳисобланади, чунки бу даврда мўғуллар ҳукмронлиги тугатилиб, босқинчиларнинг вайронагарчиликлари ва бир ярим асрлик зулмлари оқибатида иқтисодий, маданий-маърифий турғунлик ҳолатига тушиб қолган Темурийлар давлати ўз мустақиллигини қайта тиклашга киришди. Бу минтақада Амир Темур бошчилигида ягона байроқ остида марказлашган, кучли ва мустақил давлат ташкил топди. Марказий Осиё халқлари ҳаётида юз берган бу тарихий жараёнда шубҳасиз Соҳибқирон Амир Темурнинг хизматлари буюкдир.
Анжуманда шунингдек,  Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Мирзо Соҳибқирон бобомизнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида гапирди. ”Самарқанд ва Шаҳрисабзда буюк аждодимизнинг ҳайкаллари ўрнатилганлиги, Темурийлар тарихи давлат музейининг барпо этилиши ҳамда Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган сана муносабати билан кўплаб хорижий давлатлар билан ҳамкорликда Халқаро илмий анжуманлар мунтазам ташкил қилиб келиниётгани авваламбор, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва Ўзбекистон ҳалқига юксак ҳурмат ва катта эътибор деб биламан,” - дейди Минхожиддин Мирзо.



Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида Aмир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Темур тузуклари”, “Зафарнома” каби асарлар,  мақолалар ҳамда бошқа кўплаб нашрлар бир неча тилларда дунё юзини кўрди. Бу борада анжуман қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси академиги Дилором Юсупова,  Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзийев, Темуршунос олим Хаким Сатторов ва шоира  Сайёра Тўйчийевалар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов Aмир Темурнинг машаққатли ҳаёт йўли, буюк мамлакатни бошқаришдаги улкан тажрибаси, узоқни кўра билиши, Темурийлар давлатини ҳар томонлама ривожланишидаги ўрни ҳақида анжуман иштирокчилари - Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлмиш талаба-ёшларга фаҳр билан гапириб берди.
– Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянглэнинг айтган сўзларини ёдга олиб: «Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик килишга асосий эътиборини берарди», Алишер Навоийга ҳам Амир Темурнинг илм ва маънавият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди»,
– дейди Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов. 



Соҳибқирон Aмир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий-маърифий анжуман сўнгида иштирокчилар ва талаба-ёшлар томонидан Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва давлат бошқарувида амалга шоирилган ислоҳотларни янада кенгроқ ўрганиш бўйича илмий тадқиқотларни давом эттириш ҳамда бошқа бир қатор таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
 
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura