Хорижий абитуриентлар учун

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги

Бугунги кунда юртимизда Мовароуннаҳрнинг шон-шуҳратини дунёга танитган, илму фан, ҳунармандчилик, меъморчилик, санъат ва маданиятни мислсиз даражада ривожлантириб, Темурийлар ренессанси – уйғонишига асос солган саркарда, буюк Амир Темурнинг 685 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг Математика ҳамда Амалий математика ва интеллектуал технологиялар факультетларида 2021 йил 9-апрел куни “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил қадам” мавзуида илмий-маърифий анжуман ўтказилди. Тадбирда университет раҳбарияти, тарихчи, доцент Шермуҳаммад Эрназаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тоҳир Саидов ва Меҳриддин Раҳматов, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.




Кўтаринки руҳ билан бошланган тадбирда талабалар маърузачиларнинг илмий нутқларидан яна бир бора тарих билан юзма-юз келди. Буюк бобоколонимизнинг бугунги ислоҳотларга хос, “Рости-русти” яъни  “Куч-адолатда” ғоясининг барҳаёт ва бардавомлигига яна бир карра гувоҳ бўлишди.

Яқиндагина театр саҳнасида яна бир тарихий сиймони гавдалантирган – “Жалолиддин Мангуберди” ролини моҳирона очиб берган Меҳриддин Раҳматов  ўз нутқида талаба-ёшларга “Агар келажакда ўз касбининг устаси, жамиятимизга керакли мутахассис бўлиб етишишни орзу қилсангиз, қадамни ҳозирдан ташланг. Боболаримизнинг ҳар бир ёзиб қолдирган асарлари, босиб ўтган умр йўллари, ислоҳотлари барчамизга мерос қолган. Бу мерос эса, барчамиз учун омонат. Уни биздан кейинги келажак авлодга ҳам бус-бутунлигича етказиш бурчимиз. Менга кўп вақтларда тарихий образларни ижро этиш “чеким”га тушади. Бу ҳам мувофаққиятимнинг асоси бўлса керак. Аммо бундай масъулиятли ролни сиз ёшларнинг олдида ижро этиш мен учун ҳам имтихондай. Ўйлайманки, тарихни эъзозлаб, қадрлаб янада чуқурроқ ўрганамиз”,— дея ўз фикрларини билдириб ўтди.




Амир Темур ўрта асрлар даврига хос ўз удумлари доирасида инсон манфаатларини кучайтиришга интилгани, ирқи, миллати, дини ва келиб чиқишидан қатъи назар инсонларнинг бир бутун ҳудудда яшаши мумкинлиги тўғрисидаги "ягона макон" ғоясининг ташаббускори эканлиги Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов томонидан таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Амир Темурнинг илк маротаба толерантлик (диний бағрикенглик) ғоясига асос солганлиги эътироф этилди.




Буюк бобомиз, мустаҳкам давлат барпо этган Амир Темур ҳам ақли ва билими билан ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда ҳарбий ва энг муҳим иқтисодий ислоҳотларни ўтказган. Бу ислоҳотлар заминида аввалги давр донишмандларининг ақл-идроки, ғоялари мужассам эди, айниқса, тараққиёт учун ягона давлат, ўзаро тотувлик, ишбилармонларга қулай мулкий ва ҳуқуқий шароит яратишга, айниқса, савдо-сотиқни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди.

Мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғун. Зотан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир”. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.

Улуғ аждодимиз ўз тузукларида "...амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар" – деб ёзади. Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилаётгани, хусусан, жорий йилнинг 8 апрел санасида Президентимиз раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, ҳамда тадбиркорларга янада бир қанча имтиёзлар яратилгани айнан Соҳибқироннинг ислоҳотлари давомини кўриш мумкин. Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган Амир Темур адолат ва ҳақиқат учун курашган, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурган.

ЎзМУ доценти, тарихчи Шермуҳаммад Эрназаров тадбир иштирокчиларига Соҳибқирон сиймоси, унинг эзгу амаллари, ибратли ҳаёти ва жангларда кўрсатган жасорати хусусида сўзлаб берди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, боболаримизнинг ислоҳотлари ва ташаббуслари ҳаммамиз учун маёқ вазифасини ўтайди. Айнан университетда ташкил этилган мазкур тадбирда ҳам ёшларга улуғ сиймонинг жасорати, баҳрикенглиги, илмли ва заковати ҳақида янада кўпроқ тушунчалар беришдан иборат эди.




Тадбир давомида талаба – ёшлар меҳмон ижодкорларга ўз саволлари билан юзланди. Тарихий фактлар, асосли жавоблар билан ўйлаймизки, барчанинг илмига илм қўшилди.

 

Зафар РАҲМОНОВ,ЎзМУ, амалий математика ва

интеллектуал технологиялари

факультети декани

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura