Хорижий абитуриентлар учун

Халқаро ҳамкорликнинг юксак истиқболлари

Республикамизда охирги йилларда олий таълим муассасалалари ўзининг  халқаро ҳамкорлик доирасини янада кенгайтирмоқда. Хорижнинг нуфузли университетлари, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро донор ташкилотлар ва халқаро компаниялар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Миллий университетида ҳам жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида хорижнинг энг нуфузли университетлари раҳбарлари билан онлайн ва офлайн учрашувлар бўлиб ўтди, меморандумлар имзоланди, келишув шартономалари олиб борилди. Худди шу ишларнинг самараси ўлароқ 2021-2022 ўқув йилида Белорусь Миллий техника университети, Д.И.Менделеев номидаги химия технология университети ва Россия Давлат гидрометеорология университетлари билан халқаро қўшма таълим дастурларида талабалар қабул қилиш йўлга қўйилади.

15 апрель куни эса навбатдаги делегация яъни Италиянинг Sababa  Security SRL халқаро компанияси раҳбарлари университетга ташриф буюрди. Компания раҳбарлари ва ходимлари Алессио Ачети, Энрико Орланди ва Ольга Орловаларни ЎзМУ ректори Ином Маджидов, халқаро алоқалар бўйича проректор Раима Ширинова, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳикматжон Сабуров, амалий математика ва интелектуал технологиялар факультети декани Зафар Рахмонов  ҳамда ахборот хавфсизлиги кафедраси мудири Ғайрат Жўраевлар кутиб олдилар.




Учрашувда томонлар асосан киберхавфсизлик йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, университет талабаларини Италиянинг Генуи университетига қисқа муддатли  стажировкага жўнатиш, докторантларнинг илмий тадқиқоти бўйича амалиётини ташкил қилиш, ҳамда анъанавий ва онлайн ўқув жараёнига Генуя университети профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш каби бир қатор масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар. Шунингдек, киберхавфсизлик мутахассислигида магистратура 1+1 қўшма таълим дастурини очиш борасида ҳам тўхталиб ўтилди.




Sababa Security SRL халқаро компанияси раҳбари Алессио Ачети университетнинг 2-3 нафар иқтидорли талабаларини Италия университетларида бепул ўқишга қабул қилиш, ўқитувчилар учун киберхавфсизлик бўйича малака ошириш курслари ташкил қилиш, ўқув дастурлар ва онлайн платформалар тақдим этишни ҳам таклиф қилди.

Учрашувда ҳамкорликни вертикал ва горизонтал йўналишларда янада батафсил муҳокама қилишга ҳамда онлайн учрашув ташкил этиб ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

 



Халқаро алоқалар бўйича проректор   Раима Ширинова

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura