Хорижий абитуриентлар учун

СЕНАТОР ЁШ МАТЕМАТИКЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлади ва исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади..” деган чуқур маъно ва мазмунли мулоҳазаси бугунги кунда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришнинг асоий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ўтган давр ичида математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамиз олий ўқув юртларига хорижий илғор илмий марказ­ларда фаолият олиб бораётган ватандош математик олимлар таклиф қилинди, шу билан бирга халқаро миқёсда илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Олий таълим ва илмий-тадқиқотларнинг ўзаро интеграциялашувини таъминлаш мақсадида Талабалар шаҳарчасида ЎзР ФА В.И.Романовсий номи­даги Математика институтининг янги замонавий биноси барпо этилди.

2021 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республи­каси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, ЎзР ФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюриб,  Матема­тика факультетининг ёш ўқитувчилари, тадқи­қот­чилари, докторантлари ва иқтидор­ли талаба­лари билан университетда тобора анъанага айланиб бораётган “Сенатор - ёш олимлар ва иқтидорли талабалар даврасида”деб номланганнавбатдаги илмий-маърифий тадбирда иштирок этди.

Тадбирни ЎзМУ ректори Иномжон Маджидов олиб борди. Унда ЎзМУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Хикмат Сабуров, ЎзР ФА Математика институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ўткиржон Розиқов, “Математик анализ” кафедраси профессори Азизжон Ворисов ҳамда математика факультетининг кафедра мудирлари иштирок этдилар.

Учрашувда сенатор Ш.Аюпов математика соҳасида ишлаётган ёшларга таалуқли бўлган янгиликлар ҳақида, ЎзР ФА Математика институти хузурида бошланғич маблағи 5 млрд. сўм бўлган “Математика фани ва таълимини ривожлан­тиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ташкил этил-гани ва бу жамғарма хомийлигида турли фан олимпиадалари ўтказиш, ёшларни илмий анжуманларда иштирок этишини молиявий қўллаб-қувват­лаш ­каби кўплаб вазифалари ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Профессор Ўткиржон Розиқов эса математика фанининг амалиётда қўлла­ниши ҳақида тўхталар экан, жумладан хозирги вақтда GPS-навигаторлар системаси Лобачевский геомет­рия­сига, Google.com қидирув тизими эса эҳтимол­лар назариясидаги стахостик матрицага мос Марков занжир­ларига асослан­гани ҳақидаги илмий асосларни қизиқарли мисоллар билан тушунтириб берди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга Ўзбекистон Республи­каси Олий Мажлиси Сенатори, академик Шавкат Аюповдан тўлиқ жавоб олишди. Учрашув қизғин баҳс ва мулоҳазаларга бой бўлди.












Равшанжон ОМОНОВ,

Журналистика факультети

Ёшлар билан ишлаш бўйича

декан ўринбосари

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura