Хорижий абитуриентлар учун

“Эркин Воҳидов ва жаҳон адабиёти” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Жорий йилнинг 3 май куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирокида “Адиблар хиёбони”да  буюк ижодкор, атоқли адиб Эркин Вохидов ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда талаба-ёшларга кенг таргиб қилиш  мақсадида “Эркин Воҳидов ва жаҳон адабиёти” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Мазкур тадбирда университет Илмий-адабий маслаҳатчиси, профессор Ҳамидулла Болтабоев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Ботир Маллабаев, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосарлари, ЎзМУ доцентлари Ж. Маҳмудов, Дилдора Азимова ҳамда фаол иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этди.

Дастлаб профессор Ҳамидулла Болтабоев Эркин Воҳидов ижодининг жаҳоний кўлами, шоир амалга оширган таржималарнинг беназр хусусиятлари ҳақида гапириб, анжуманни очиб берди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, севимли халқ шоири Эркин Воҳидов ижодида жаҳон адабиётнинг алоҳида ўрни бор. Шоир жаҳон адабиётининг улкан билимдони сифатида С.Есенин, М.Светлов, А.Блок, Р.Ҳамзатов, Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте каби мумтоз сўз санъаткорлари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Э.Воҳидов истеъдодли ижодкор, сўз устаси ва маҳорат эгаси эди. У ўзи каби истеъдодли шоирларнинг шеъларини ўзбек тилига таржима қилди. Унинг таржима соҳасидаги маҳорати жаҳон адабиётининг шоҳ асарларидан бири буюк немис шоири Гётенинг “Фауст” асари таржимасида юқори чўққига кўтарилди,- дейди профессор Ҳамидулла Болтабоев.

ЎзМУ доценти Ж. Маҳмудов Э.Воҳидовнинг Ҳофиз Шерозий ижодидан қилган таржималари, икки буюк ижодкор ғазалларидаги муштарак жиҳатларга тўхталиб ўтган бўлса,  доцент Д.Азимова “Гёте ва Эркин Воҳидов” мавзусида гапириб, даҳо шоирнинг “Фауст” асари ва унинг Э.Воҳидов томонидан маҳорат билан амалга оширилган таржимаси хусусида Адиблар ҳиёбонига йиғилган адабиёт иҳлосмандлари ва талабаларга батафсил  гапириб берди.  

Анжуман давомида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари, ушбу мавзуда  суҳбат, шеърхонлик ва бадиий чиқишлар олиб бордилар. Азимбоева Гўзал бошчилигидаги дуторчи қизларнинг куйлари, Ш.Шаназарова, М.Набижонова, А.Мўминов, С.Пўлатов, Н.Анварова каби талабалар томонидан ўқилган шеъру ғазаллар йиғилганларни хушнуд этди.

ЎзМУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Камолиддин Мирзаахмедов Эркин Воҳидовнинг беназир ижоди, турли жанрлардаги асарлари, таржима ва мақолаларини ўрганиш бугунги ёшларнинг асосий вазифаларимиздан бири эканини бугунги анжуман исботлагани хусусида гапириб, йиғилганларга миннатдорчилик билдирди.

 





Равшанжон ОМОНОВ,

Журналистика факультети

Ёшлар билан ишлаш бўйича

декан ўринбосари

 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura