Хорижий абитуриентлар учун

ҲАЁТНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИ ГЎЗАЛ…


Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон қалбида инсонийлик, меҳр-мурувват, бағрикенглик каби ижобий хислатлар жой олган. «Кексалари улуғланган юртда барака бўлади»,-дейди доно халқимиз. Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳаким «Нуронийси бор хонадоннинг девори нурамайди», -деган гапни айтганда чиндан ҳақ эди. Халқимизнинг улуғ қадриятларидан бири ҳам ёши улуғ инсонларга, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг кўп йиллик ҳаётий ва меҳнат тажрибалари асосидаги қадрли маслаҳатларидан баҳраманд бўлиш ва дуоларини олиб юришдир. 

Улкан ишлар ва улуғ мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни нуронийларнинг маслаҳати, дуолари билан бошлаймиз, уларнинг ҳаётий тажрибаларига таянамиз. Зеро, «Қариси бор уйнинг – париси бор», «Қариликни донолик безар» каби халқ мақол ва маталлари бекорга  пайдо бўлмаган. Ана шу қадрият, олижаноб фазилат бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўз ифодасини топганлиги барчамизга маълумдир. 

Бугун мамлакатимизда ёши улуғ, жамият тараққиётига озми-кўпми ҳисса қўшган кексалар алоҳида ардоқланмоқда, ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Чунки бу анъана ҳам асли қадрият, меҳр-муҳаббатнинг мезонидир.

Юртимизда нуронийларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганлиги, уларнинг  саломатлигини асраш ва ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш  келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларимизнинг порлоқ келажагини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Ёшларимиз Ватанимиз келажагининг эгалари, кексаларимиз эса  бугунги осуда, фаровон ва тинч ҳаёт кечиришимизга бевосита хизматлари сингган  ҳамда бугун қурган улкан биноларимизнинг пойдеворларини мустаҳкам бўлишига замин яратган мўътабар инсонлардир. Шу азиз ватанда туғилиб, осуда ва тинч умр кечираётганлигимиз, ёшларимиз иззатда, кексаларимиз ҳурматда яшаётган ушбу диёрда инсоний орзуларга  етишаётганлигимиз ҳар биримизда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади.

Бугун ЎзМУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедовнинг ташаббуси ва бевосита ҳомийлигида Ўзбекистон Миллий университетида мазкур илм даргоҳида бир неча йиллар давомида меҳнат қилиб, ўз билими, куч-ғайратини ушбу университет равнақи йўлида сарф этган, фарзандларнинг маънавий баркамол инсон бўлиб улғайишларига улкан ҳисса қўшган илм оталари бўлмишфаҳрий устозлар, профессор-ўқитувчилари бир пиёла чой ва бир чўқим ошга таклиф  этилди. 

Олий ўқув юртининг нуфузи ва салоҳиятини юксалишида беминнат хизмат қилган кекса устозлар бир-бирлари билан ширин дийдорлашдилар. Тадбир муносабати билан университетга ташриф буюрган устозлар, фаҳрий ўқитувчилар, меҳмонлар университет раҳбарияти ва жамоаси томонидан кутиб олинди.

Тадбирни Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Маджидов кириш нутқи билан очиб  берди. Шундан сўнг, Журналистика факультетининг фаҳрийси, профессор Мухтор Худойқулов, Математика факультети профессори Азиз Ворисов, Физика факультети доценти Неъмат Норқулов сўзга чиқибйиғилганларга ўзларининг самимий тилакларини ва миннатдорчиликларини билдиришди.

Ҳикматлар китобида ёзилади: «Шогирдлар кўнглида меҳр уйғотолган устоз шарафларга лойиқдир».  Чинакамига эъзозу шарафларга, чексиз ардоғга муносиб устозларнинг ширин хотиралари барчанинг кўнглини тоғдек юксалтирди. Бу даргоҳ не-не маърифат дарғаларига бешик бўлмаган дейсиз, қанчадан-қанча олимларнинг қутлуғ қадамларидан зиёланиб турадиган даргоҳ шу куни ўзгача ёлқинланди. Фаҳрий устозларнинг ташрифи олийгоҳни ўзгача файзга буркади, ҳар бир ёш шогирдлар кўнглида илм чироқлари ёрқинроқ порлагандек бўлди. Чунки бу кун билим боғининг боғбонлари кўнглини олиш, суҳбатидан баҳраманд бўлишдек бахт барчамизга насиб этган эди.

Ардоқли шоиримиз Йўлдош Сулаймон айтгандилар: «Ўзбекистон Миллий университетининг барча педагоглари  ўз соҳасининг чинакам фидойиларидир. У ерда ишлаётган буюк олимларимиз тирик афсонадир». Дарҳақиқат, бугун жуда кўп илм дарғалари оламдан ўтган бўлсада, биз билан яшаб, ардоғимизда умргузаронлик қилаётганларга қанча ғамхўрлик қилсак, шунча кам. Устозлардан илм сирларини ўрганиб қолиш ва ҳаётга татбиқ этиш бугунги ёшларнинг асосий вазифасига айланмоғи шарт.

Меҳр нури ёғар доим,

Юзингиздан устозлар.

Юрсам дейман шу табаррук,

Изингиздан устозлар.

Устоз-отангдек улуғ, дейдилар. Бугун чинакамига улуғлар давраси худди маърифат боғига, зиё гулшанига айланди. Илм-фан ривожига беминнат улкан ҳисса қўшган олим ва профессорларга боқиб, ич-ичимиздан ҳавас қилдик.

Бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимиз ва фидойи устозларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод  қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиздеб билишимиз  лозим.  

Яхши ният инсонларни ҳамиша саодат манзилига элтади. Биз ёшлар ҳам ҳавас қилдик, шу устозлардек эл ардоғида, шогирдлар эъзозида  бўлишлик насиб қилсин. Ҳаёт ҳикматларини чуқур ўрганиб, устозлар изидан бориш ҳаммамизнинг орзумиз.

Мухтасар қилиб айтганда, ватанимиз равнақи, унинг келажаги бўлмиш ёш авлодни муносиб даражада тарбиялашда, шунингдек бой тарихимизнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларимизни келажак авлодга етказишда ўзининг матонати, иродаси билан фидойилик қилаётган кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаб, қадрига етиш, асраб авайлаш, турли шарт-шароитлар яратиш ҳар биримизнинг  фарзандлик бурчимиздир.

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ёзганидек:

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат…

Бу дунёда бир-биримизга ғанимат эканлигимизни унутмайлик. Устозлар дуосини олиб, уларни қадрлаб яшайверайлик.


Равшанжон ОМОНОВ,

Ўзбекистон Миллий университети

              Журналистика факультети ўқитувчиси


Аббосбек МЎМИНОВ,

Ўзбекистон Миллий университети

IIIбосқич талабаси

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura