Хорижий абитуриентлар учун

«ЖАРАНГЛАМА, СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ...»


Умумтаълим мактабларини битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларни гўёки парвозга шайланаётган оққушга менгзагим келади. Чунки улар жонажон мактаблари бағридан ката ҳаёт қучоғига, орзулар оламига қадам қўядилар. Бу дамлар жуда ҳаяжонлиқайтариб бўлмас лаҳзалар. Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари таълим даргоҳи, меҳрибон устозлари билан хайрлашадилар.

Давлатимиз раҳбарининг битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригида таъкидланганидек, мактабларни битириб чиқаётган йигит-қизлардан бирортаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди.

Табрикда замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакилларига давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланишларига ишонч билдирилди.

Ота-боболаримизнинг шундай ибратли сўзлари бор: «Ҳаёт улкан кема, ҳар ким ўз манзили томон сузаверади». Бугун ажиб лаҳзаларга гувоҳ бўлдик. Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 28 ва 29-умумий ўрта таълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» деб номланган битирув тадбирлари бўлиб ўтди.

Бугун бу қоракўзлар болаликнинг ширин хотираларини ортда қолдириб, устозлари қошидан мустақил ҳаётга парвоз қиладилар. Таниқли олим Рустам Тожибоев айтганидек: «Салом мактаб дейиш кўнгилни қувончга тўлдиради, хайр мактаб дейиш эса кўнгилга бироз армон юклайди».

Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 28 ва 29 - умумий ўрта таълим мактабларида 2021 йил 25 май куни ташкил этилган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова, Хорижий филология факультети декани Ирода Жўраева, Журналистика факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Равшанжон Омонов, Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбеков,Журналистика кафедраси профессорлари Ёқутхон Маматова, Қудрат Ирназаров, Ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Зоир Тоҳиров, Журналистика кафедраси доцентлари Шавкат Миролимов, Рамзиддин Абдусатторов, Хорижий филология факультети Рус тили кафедраси мудири Равшана Исакова, Хорижий филология факультети Инглиз филологияси кафедраси мудири Иброҳим, Ўсаров, ЎзМУ Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари Аббосбек Мўминов, Самандар Ҳакимжоновлар иштирок этиб, ҳаёт давомчилари, Ибн Сино издошлари, Улуғбек ворислари бўлган шогирдларга оқ йўл тиладилар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларининг битирувчи ўғил қизларига мурожаатини етказиб, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг билим олишлари ва мехнат қилишлари учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил ахборот беришди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда куй-қўшиқлардан иборат байрам дастури намойиш қилинди. Ўқув йили давомида юқори натижаларни қайд этган ўқувчилар ҳамда устоз-мураббийлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

«Сўнгги қўнғироқ»- бу битирувчилар ва уларнинг оилалари интиқлик билан кутадиган анъана. Ҳа, ўқувчилик дамлари гўё наздимизда елдек ўтади-кетади. Олинган пухта билим келажак пойдеворидир. Мактабда мукаммал билим олган ёшлар юртимизнинг турли олий ўқув юртларига йўл оладилар, маърифат сабоқларини давом эттирадилар. Уларнинг бугунги ҳаяжонларини сўз билан таърифлаш мушкул. Шижоатли ёшлар юрт келажаги, бугуннинг эркасию, эртанинг эгаларидир.

Бу фурсат қайтмас онлар,
Чулғади ҳаяжонлар,
Зарб-ла ургудек бонглар,
Меҳри уммон мактабим,
Чалинма, қўнғироғим!

Юзларида қувонч, кўзларида ёшлик шижоати балқиб турган бу ёшларнинг келажаги порлоқ эканлигига, келажакда Ватан ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз. Ёшларимиз албатта ота-оналари, устозлари ва халқимизнинг ишончини албатта оқлайди.

 

Аббосбек МЎМИНОВ,

Журналистика факультети

IIIбосқич талабаси

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura