Хорижий абитуриентлар учун

Янги Ўзбекистонга муносиб Ренессанс бунёдкорлари


2021 йил 25 май куни юртимизнинг барча умумтаълим мактабларида битирувчи ўқувчилар иштирокида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди. Ана шундай тадбирлар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ҳам шукуҳли тарзда ташкил қилинди. Туманнинг энг намунали таълим масканларидан бири ҳисобланган 191-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўтказилган байрам тадбири битирувчи синф ўқувчилари учун унитилмас таассурот қолдирди.

Мазкур тадбирда туман ҳокими ўринбосари Зиёдулло Саъдуллаев ва Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети декан ўринбосари О.Мусурмонкулов, Ёшлар иттифоқи Кенгаши етакчиси Ш.Абдуллаев профессор-ўқитувчилар ҳамда мактаб маъмурияти, ота-оналар иштирок этишди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети декан ўринбосари О.Мусурмонкулов сўзга чиқиб битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг битирувчиларига мурожаатини етказган ҳолда, барча битирувчи ёшларни беғубор ўқувчилик йилларини ортда қолдириб, ҳаётнинг янги масъулиятли босқичига дадил қадам қўяётганлари билан самимий табриклади. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар битирувчи ўғил-қизларнинг янги касб-ҳунарларни эгаллашлари ва энг асосийси ўз мақсадлари сари тинмай ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтдилар.Шу билан бирга, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг билим олишлари ва меҳнат қилишлари учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот бериб, барча битирувчи ўқувчиларга оқ йўл тиладилар. Шунингдек, олий ўқув юртларига, хусусан Ўзбекистон Миллий университетида ўқишни давом эттиришга жалб этдилар. 2020-2021 ўқув йили мобайнида ўз истеъдодини тўла намойиш эта олган, ютуқларга эришган иқтидорли ўқувчиларга Ўзбекистон Миллий университети томонидан ўқув адабиётлари совға қилинди ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тақдирлаш маросимида нафақат иқтидорли талабалар балки олижаноб касб эгалари бўлган ўқитувчилар, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирда битирувчи ёшларнинг бадиий ва мусиқали чиқишлари намойиш этилди. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг жонли чиқишлари тадбирга кўтаринки кайфият тақдим этди. Тадбир якунида барча мактабнинг ўзига хос анъана, удуми бор бўлганидек, битирувчи ўқувчилар барча устоз ва ота-оналари қаршисида мактаб шаънини кўтаришга, устозлар ўгитларини, берган билимларини оқлашга, мустақил ватанимиз Янги Ўзбекистонга муносиб Ренессанс бунёдкори бўлишга тантанали равишда қасамёд қилишди.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura