Хорижий абитуриентлар учун

ЮЗЛАРИНГДАН БАХТ ПОРЛАСИН, БОЛАЖОН


Бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсон қалбида ҳаётга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Беғубор кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисолидир.

Бу кун яқинлашган сари нафақат болажонлар, балки катта ёшдаги юртдошларимиз ҳам кун санай бошлайди. Аҳир турмуш ташвишларига ўралашиб, чарчаган вақтларимизда ҳар биримиз болалигимизга қайтгимиз, унинг ширин ташвишлари ва завқли онларини яна бир бор ҳис қилгимиз келади. Чунки, 1925 йилда Женевада ўтказилган болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференциясида “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”- деб эълон қилинган бўлиб, шундан буён, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида байрам сифатида нишонланади.

Болалик – ҳаёт уммонинг мусаффо сарчашмаси. Боиси, у ҳар бир мурғак қалб учун ҳаёт ташвишларидан йироқ.   Бугун – ёз фаслининг илк кунида кўча ва хиёбонлар, истироҳат боғлари бахтдан юзлари порлаган болажонлар билан янада гавжум. Бу кун келажагимиз давомчилари учун катта тантана тусини олган.

Юртимизда болалар байрамига бағишлаб қизиқарли тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ташкил этилади. Эътиборга муҳтож, бемор болалар ҳолидан хабар олинади, улар қалбига қувонч улашилади.

Бугун ана шундай эзгу ишлардан бири Ўзбекистон Миллий университетининг Психология кафедраси томонидан амалга оширилди. Англаганингиздек, сўзимиз UMID NIHOLLARI”  деб номланганТошкент шахар Учтепа туманидаги 404-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун ўтказилган байрам дастури хақида кетяпти.

Ушбу тадбирда ёш болалар ўртасида санъат, маданият, спортйўналишларида турли танлов ва мусобақалар ташкил этилди.

Байрам дастурининг ҳомийлари бўлмиш Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультетининг Психология кафедраси мудири, профессор Дилбар Мухамедова ва кафедра профессор-ўқитувчиларидан бўлмиш Фахриддин Чориев ҳамда Бобур Абдуллаевлар болаларнинг қувончига шерик бўлишди.

Тадбир сўнггида тадбир ташкилотчилари томонидан навниҳол болаларгабайрамона совғалар - китоб ва ўқув қуроллари жамланмалари совға қилинди.

Дарҳақиқат, оиланинг қувончи фарзанд билан. Ҳар тонг ишга ёхуд сафарга отланар эканмиз, фарзандларимиз бахти ва келажагини ўйлаб, югуриб- еламиз. Уйга қайтганимизда эса уларнинг шодон кулгусини эшитиб, барча чарчоқларни унутамиз.

Байрамлар ҳам болалар билан тотли. Болалар келажагимиз эгалари, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura