Хорижий абитуриентлар учун

Илм-фанга асосланган ҳамкорлик: Фазовий маълумотлардан фазовий инфратузилмагача - GISCA 2021



XV "Марказий Осиёда ГАТ" - GISCA 2021 конференцияси 30 майдан 2 июнгача Олмаота, Бишкек, Душанбе, Тошкент ва Урумчи "HUB" лари орқали жойларда минтақавий тақсимланган ҳолда гибрид форматида бўлиб ўтди.

Конференцияда Австрия - Марказий Осиё Географик ахборот тизимлари фанлари маркази, Евроосиё ва Тинч океани университети тармоғи, АҚШнинг Trimble компанияси, Австриянинг Вена университети ва Зальцбург университети, Германиянинг Барқарор ривожланиш Эберсвальде университети, Белгиянинг Гент университети, Хитой фанлар академиясининг Шинжон Экология ва География институти,  Гонконг баптист университети, Хитойнинг Жанубий-Ғарбий фан ва технологиялар, Шэньси педагогик, Шинжон педагогик,  Цюйфу педагогик ҳамда Ухан университетлари, Ал-Фаробий Қозоғистон Миллий университети, Қозоғистон Республикаси Фан ва таълим вазирлигининг География ва сув хавфсизлиги институти, Қирғизистон фанлар академияси Сув ва гидроэнергетика муаммолари институти, Қирғизистон Давлат қурилиш, транспорт ва архитектура университети, Тожикистон Миллий Фанлар Aкадемиясининг сув муаммолари, гидроенергетика ва экология институти, Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг "Музликларни тадқиқ қилиш маркази" давлат илмий муассасаси, Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг "Музликларни тадқиқ қилиш маркази" давлат илмий муассасаси, Тожикистон техника университети, Тожикистон аграр университети, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Улуғбек Aстрономия институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти олимлари ўз илмий ишлари билан қатнашишди.

Конференция ишида Марказий Осиё минтақасига бағишланган қуйидаги мавзулар бўйича илмий мақолалар тақдимот қилинди:

• Ҳудудларни барқарор ривожлантириш бўйича ГАТ;

• Геофазовий инфратузилма ва экотизимларни ривожлантириш;

• Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳамда аҳоли саломатлиги соҳасида ГАТ;

• Қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва бошқа соҳаларда ГАТ;

• Геодезия, кадастр, картография ва ер тузиш соҳасидаги янги йўналишлар ва технологиялар;

• Маданий ва табиий мерос;

• Геоинформатика соҳасида касбий ва узлуксиз таълим.

Тошкент "HUB" ига Ўзбекистон Миллий университети мезбонлик қилди. Тадбирни Ўзбекистон Миллий университети Халқаро алоқалар бўйича проректори Раима Ширинова конференция қатнашчиларини қутлаб, конференция ишини муваффақиятли ўтишини тилаган ҳолда кириш сўзи билан очиб берди.  Тошкент "HUB" ига жами 28 та мақола (ЎзМУ дан 12 та) қабул қилинди, шундан 15 таси жонли ва  13 таси деворий маърузалар кўринишида тақдим қилинди. Конференциянинг барча секциялари бўйича олиб борилган маърузалар тўғридан тўғри Австриянинг Зальцбург университети Facebook саҳифасида https://www.facebook.com/ZGIS.Salzburg онлайн тарзда намойиш қилиб борилди.  Секциялар бўйича олиб борилган маърузаларнинг видео ёзувлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

GISCA 2021 конференциясида жами 300 га яқин турли соҳа вакиллари иштирок этишди, шундан Тошкент "HUB" ида 43 киши қатнашди. Эътиборли томони шундаки, тадбирда нафақат олимлар ва илмий изланувчилар, балки талабалар ҳам ўз ишлари билан иштирок этишди. 

Конференция якунида олиб борилган маърузалар бўйича тезкор савол-жавоб тарзда викторина бўлиб ўтди, натижалар бўйича конференция ташкилотчиларидан бири ЎзМУ Геодезия ва геоинформатика кафедраси доц.в.б. И.Абдуллаев ва шу кафедра катта ўқитувчиси А.Рўзиев 2 ва 4 ўринга муносиб деб топилди. Энг яхши деворий маърузалар номинацияси бўйича 1-ўринга ЎзМУ Геодезия ва геоинформатика кафедраси профессор – ўқитувчилари ва талабалари иштирокида “Ўзбекистонда йирик масштабли топографик план ва карталарни яратишда рақамли фотограмметрик усуллардан фойдаланиш” мавзусида тайёрланган деворий газета, 2-ўринга фан доктори Г.Т. Жалилова раҳбарлигида ЎзМУ Агрокимё ва агротупроқшуносли кафедраси 2-курс талабалари А.В.Аҳмадеева ва Ж.Ф.Султанова томонидан “Эрозия жараёнларини ўрганишда ГИС технологиялардан фойдаланишнинг истиқболлари” мавзусида тайёрланган деворий газета лойиқ деб топилди.  Деворий газеталар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу конференцияда танланган мақолалар SCOPUS базасидаги журналларда чоп этилади.


Халқаро ҳамкорлик бўлими

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura