Хорижий абитуриентлар учун

Устоз 70 ёшда


Устозимиз, тарих фанлари доктори, профессор, академик Анатолий Сагдуллаевнинг таваллуд айёми билан Ўзбекистон Миллий университети жамоаси номидан чин юракдан табриклаймиз! Устозга узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаб қоламиз! Устознинг “Ўрта Осиё археологияси ва давлатчилиги тарихи” номли илмий мактаби фаолияти бардавом бўлсин!

 

Устоз ҳақида

Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич 1951 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти, Китоб тумани Қайнар қишлоғида туғилган. Китоб шаҳри ўрта мактабида ўқиган. 1968-1973 йилларда Тошкент давлат университети (ТошДУ) тарих факультетининг Ўрта Осиё археологияси кафедрасида таълим олган.

Меҳнат фаолиятини университетда бошлаган. ТошДУ тарих ва шарқшунослик факультетларида “Археология асослари”, “Ибтидоий жамият тарихи”, “Қадимги Шарқ тарихи” каби фанлардан маърузалар ўқиган, Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаларида археологик ишларни олиб борган. 1975 йилда Санъатшунослик институтининг сиртқи бўлими аспирантурасига кирган.

А.С.Сагдуллаевнинг илмий раҳбарлари атоқли олимлар, академиклар Г.А.Пугаченкова ва В.М.Массон бўлишган. Археологик тадқиқотлар материаллари асосида 1979 йили А.С.Сагдуллаев “Сўнгги бронза ва илк темир даври Шимолий Бақтрия маданияти” мавзусида Ленинград (ҳозирда Санкт-Петербург) археология Институтида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.  1989 йилда қадимги даврга оид Помир, Ҳиндиқуш ва Каспий денгизи оралиғидаги (Бақтрия, Суғд, Марғиёна, Шимолий Парфия) улкан ҳудуд археологик маълумотлари талқинини қамраб олувчи докторлик диссертациясини Москва давлат университетида ҳимоя қилган.

Илмий тадқиқотлар билан бирга, Анатолий Сагдуллаев турли йилларда катта ўқитувчи, доцент, ТошДУ тарих факультети декани, профессор ва археология кафедраси мудири вазифаларини бажариб, самарали педагогик фаолиятга бағишлаган. Бундан ўзи ишлаб чиққан махсус курслар ҳамда чоп этган кўп сонли ўқув-услубий ишлар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари дарак беради. Бу борада олим нафақат олий ўқув юртлар талабалари, балки ўрта умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ҳам янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ташаббускори бўлган. Библиографияда қайд этилган олий ўқув юртлари учун “Ўрта Осиё археологияси” (А.Кабиров билан), “Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда”, “Ўзбекистон тарихи” (ҳаммуаллифликда), “Ўзбекистонда давлат бошқаруви тарихи” (Ў.Мавлонов билан) ва бошқа ўқув қўлланмалар ҳамда ўқувчилар учун 6-синф “Ўзбекистон тарихи” (В.А.Костецкий ва Н.Норқулов билан, 1998, 2000 йй.), “Қадимги дунё тарихи” (В.А.Костецкий билан, 2003-2017 йиллари мобайнидаги 5 та нашрлар), шунингдек, ўқитувчи-методистлар билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган имконияти чекланган болаларга ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернатлар 6-7-синфлари учун “Ўзбекистон тарихи” дарсликлари, “Жаҳон тарихи” ва “Ўзбекистон тарихи” бўйича мактаб ўқувчилари учун яратилган тарихий атласлари алоҳида аҳамиятга эга.

1987-1992 йиллар давомида Анатолий Сагдуллаев ТошДУ тарих факультети декани лавозимида фаолият юритган даврида, факультет битирувчиларидан 22 та иқтидорли ёш тарихчилар, археологлар ва тарихчи-санъатшунослар ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинди. Улардан 15 нафар тарих факультети ўқитувчилари турли йилларда номзодлик, 5 нафари эса докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишган.

Ўша пайтларда А.Сагдуллаев ташаббуси билан Ўзбекистон тарихини мақсадли кенг ўқитиш ва ўрганиш масаласига алоҳида эътибор берилди. Тарих факультети Ўзбекистон тарихи кафедрасининг штат жадвали 20 нафар профессор-ўқитувчиларини ташкил этди. 1989 йилда Ўзбекистон олий таълим тизими тарихида илк бор Тошкент давлат университетининг барча факультетлари ўқув режасига “Ўзбекистон тарихи” фанини ўқитиш жорий қилинди. Кейинроқ мазкур фан Ўзбекистоннинг барча олий ўқув юртларида ҳам ўқитила бошланди.

Олим 1998-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази директори лавозимида фаолият олиб борган. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тарихи марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ вазифаларни муваффақиятли бажарган, шунингдек, академия тингловчиларига маърузалар ўқиган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистоннинг янги тарихини тайёрлаш ва нашр этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ нашр ишларини амалга ошириш жараёнини бошқарган, натижада 3 жилддан иборат “Ўзбекистоннинг янги тарихи” китоби 2000 йилда чоп этилган.

Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич Ўрта Осиё археологияси, маданияти ва давлатчилиги тарихи бўйича йирик мутахассис. Олим илгари Ўрта Осиё археологияси фанига номаълум бўлган ёдгорликларни кашф этган ва қадимги Бақтрия, Суғдиёна ҳудудларида кўп йиллик дала археологик тадқиқотлари натижасида топган муҳим илмий материалларни илк бор тарих фанига киритган. Бу илмий кашфиётлар ва тадқиқотлар хорижда тан олинган. Ўз илмий мактабини яратган олим. А.С.Сагдуллаев 3 нафар докторлик диссертацияси, 14 нафар номзодлик, 5 нафар тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва бир қатор магистратура  талабаларининг диссертацияларига илмий раҳбарлик қилган.

Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигини асослаб бериш мақсадида Кеш-Шаҳрисабз воҳасида кенг кўламдаги археологик илмий-тадқиқот ишларининг ташкилотчиси ва илмий раҳбари. Тадқиқотлар натижалари “Қадимги Кеш-Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар” (1998), “Шаҳрисабз. Минг йилликлар мероси” (2002) ҳаммуаллифликда ёзилган монографияларда ва Шаҳрисабз ўлкашунослик музейи экспозицияларида ўз аксини топган ҳамда ЮНЕСКО ва жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган.

Европа комиссиясининг INTAS дастури доирасидаги PACT TIMOUR лойиҳаси бўйича Франция, Россия, Италия, Финляндия олимлари билан ҳамкорлигидаги илмий тадқиқотларда А.Сагдуллаев Ўзбекистон илмий гуруҳига раҳбарлик қилган (2002-2004 й.). Шунингдек, республика доирасидаги бир қатор долзарб аҳамиятга эга грант илмий лойиҳалари бўйича амалга оширилган фундаментал тадқиқотларга раҳбарлик қилган.

А.С.Сагдуллаев Марказий Осиё халқлари тарихини асотирлаштириш, сохталаштириш ва бўрттириб талқин қилиш, алоҳида халқларнинг тарихда танланганлиги ва маданий афзаллиги ҳақидаги ғояларга ҳамда минтақада у ёки бу замонавий халқнинг давлатчилигини асоссиз ва сунъий равишда қадимийлаштиришга қарши ОАВ воситалари ва илмий нашрлар орқали, ўз долзарблиги билан ажралиб турган амалий ишни изчил олиб борувчи олим. А.Сагдуллаев Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси Э.В.Ртвеладзе билан ҳамкорликда чоп этган “Современные мифы о далеком прошлом народов Центральной Азии” рисоласида (Тошкент, “Ўзбекистон” ва “Чўлпон” номидаги нашриётлар, 2006, 2007 йил) Марказий Осиё мамлакатларида тарих фанининг ривожи ва тарихий-маданий меросга муносабат масаласига даҳл қилувчи муаммолар ёритилган.

А.Сагдуллаев библиографиясида тарихий-маданий меросни тарғиб қилувчи, маданият ёдгорликларини асраб авайлаш заруратини ифода этувчи, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолалари ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган илмий-оммабоп ишлари ҳамда ўзига хос долзарб илмий-бадиий ва хотиралар жанрларда ёритилган “Бактрийская легенда” (1990), “Огненные стрелы” (1993), “Поход Александра Македонского в Согдиану” (2007, 2009), “Разноцветный ветер” (2011, 2019) каби асарлари алоҳида ўрин тутади.

А.Сагдуллаев фаолияти кўпқиррали бўлиб, у фундаментал олим, шунингдек, 48 йил иш стажига эга моҳир педагог, ижодкор ва ўткир қалам соҳибидир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳайъати ва тегишли фан ихтисосликлари бўйича фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзоларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан Анатолий Сагдуллаевич Сагдуллаев Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди.

Олим 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарих факультети археология  кафедраси профессори лавозимида илмий-педагогик фаолиятини амалга оширмоқда. Магистратура йўналиши талабаларига “Ўрта Осиё цивилизацияси ва давлатчилигининг долзарб муаммолари”, “Тарихий реконструкция масалалари” ва бошқа махсус курслардан маърузалар ўқиб, магистрлик, PhD ва тарих фанлари доктори диссертацияларига илмий раҳбарлик қилмоқда.

А.С.Сагдуллаев Археология Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгашларнинг аъзоси сифатида юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш раиси бўлган.

Олим турли илмий ва ижтимоий–маърифий журналлар таҳрир ҳайъати, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш Умумжаҳон жамияти Илмий кенгашининг аъзоси.

 

Ўзбекистон Миллий университети

катта ўқитувчиси Ж.Э.Тоғаев

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura