Хорижий абитуриентлар учун

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ

24 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кунига саноқли кунлар қолмоқда. Ушбу сиёсий жараёнда ёшларнинг сиёсий билим ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган талаба-ёшлар ўртасида анжуманлар, викториналар, танловлар, фестиваллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

 

Ушбу тадбирларни мамлакатда сайлов жараёнлари кетаётган пайтда янги поғонага олиб чиқиш янада муҳим аҳамиятга эга.

Шундай тадбирлардан бири ёшларда сайловга бўлган муносабатни шакллантириш ҳамда уларнинг мазкур сиёсий жараёнда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Республика олий таълим муассасалари талабалари ўртасида сайлов ҳуқуқи ҳамда сайлов жараёнининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари, сайлов комиссиялари ва сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган «Сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёни иштирокчиларининг  ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган энг яхши илмий ишлар» танлови ўтказилди.

 

Танлов қуйидаги учта номинация бўйича бўлиб ўтди:

1) «Энг яхши сайлов қонунчилиги билимдони»;

2) «Энг яхши сайлов тарихи билимдони»;

3) «Энг яхши сайлов жараёни билимдони».

 

Ёш сайловчиларнинг сайлов жараёни асослари ҳақидаги билим даражаси, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ва дахлдорлигини ошириш, уларда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган танловнинг биринчи босқичи олий таълим муассасаларида ўтказилди.

 

Олий таълим муассасаларида танловда иштирок этган 300 дан ортиқ талабгорлардан 50 нафарининг мақоласи танловнинг Республика босқичига тавсия этилди. Шундан 27 нафар иштирокчининг мақоласи Ишчи гуруҳи томонидан ижобий баҳоланиб, мақолалари тўплам шаклида чоп этилди. Ижобий баҳоланган мақоллар ичидан эса 3 та номинация бўйича 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари аниқланди.

 

 Ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Ашхобод сайлгоҳида бўлиб ўтди. Эрта тонгдан мазкур сайлгоҳ талаба-ёшлар, ўқитувчилар ва устозлар билан гавжум бўлди. Санъат усталари иштирокидаги мусиқий дастур кечага янада файз бағишлади.

 

– Бу каби танловлар талаба-ёшларнинг сайловга оид билимларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ижтимоий ва сиёсий жараёнларга фаол бўлишга чақиради, – дейди сўзга чиққан ва танлов ғолибларини тақдирлаш давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Рахимжон Хакимов. – Барча танлов ғолибларини самимий қутлайман ва уларнинг кейинги илмий изланишларига омадлар тилаб қоламан.

 

Ишчи гуруҳ томонидан ижобий баҳоланган мақолалар ичидан 3 та номинация бўйича энг юқори баҳоланган 9 нафар танлов ғолиблари аниқланди ва ҳар бир номинация бўйича 1-ўрин соҳибларига моноблок, 2-ўрин соҳибларига ноутбук ва 3-ўрин соҳибларига планшет тақдим этилди. 27 та мақолалардан иборат тўплам чоп этилди ҳамда мақола муаллифларининг ҳар бири диплом ва мақоласи чоп этилган тўплам билан тақдирланди.

 

«Энг яхши сайлов тарихи билимдони» номинация бўйича танлов ғолиблари:

1-ўрин – Эсанов Азизбек Шермамат ўғли (Термиз давлат университети 2-босқич магистранти)

2-ўрин – Аллаберганова Латофат (Ўзбекистон Миллий университети 3-босқич талабаси)

3-ўрин – Ўткиров Абдулазизбек Фахриддин ўғли (Тошкент давлат педагогика университети 3-босқич талабаси)

 

«Энг яхши сайлов қонунчилиги билимдони» номинация бўйича танлов ғолиблари:

1-ўрин – Эралиева Малика (Тошкент давлат юридик университети 2-босқич талабаси)

2-ўрин – Зокирова Фарангиза Отабек қизи (Тошкент давлат юридик университети 3-босқич талабаси)

3-ўрин – Қулматов Ғанижон Отахон ўғли (Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали 3-босқич талабаси)

 

«Энг яхши сайлов жараёни билимдони» номинация танлов ғолиблари:

1-ўрин – Рашидова Мухлиса Қурбон қизи (Ўзбекистон Миллий университети 4-босқич талабаси)

2-ўрин – Салоҳитдинов Оятилло Хусниддин ўғли (Андижон давлат университети 2-босқич талабаси)

3-ўрин – Маҳкамов Дониёр Неъматович (Тошкент молия институти 3-босқич талабаси)

 

Мазкур танлов ёш сайловчиларнинг сайлов жараёни асослари ҳақидаги билим даражаси, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ва дахлдорлигини ошириш, уларда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.







ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura