Тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихини асословчи воситадир.
1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқийасосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра, Ўзбек тилига - Давлат тили мақоми берилди ва миллий мустақиллик сари қўйилган муҳим қадам бўлганини барчамиз яхши биламиз.
“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (ЎРҚ-615-сон) 1-моддаси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлиши муносабати билан бутун республика миқёсида қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмокда.
Шу муносабат билан, 2021 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети “Фалсафа ва маънавият асослари” кафедраси ташаббуси билан Талабалар шаҳарчаси талабалар медиа ижтимоий ва маданият масканида Ўзбекистон Республикасининг Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан “Тил – миллат кўзгуси” мавзуидаги маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сухандон, телебошловчи Самандар Ҳамрақулов, Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек, Ижтимоий фанлар факультети декан муовини Ойбек Мусулмонқулов, “Фалсафа ва маънавият асослари” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда 5-талабалар турар жойида истиқомат қилаётган талабалар иштирок этишди.
Мазкур тадбирда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан, то ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт – шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.
ЎзМУ Ахборот хизмати