Хорижий абитуриентлар учун

Миллий Симпозиум ўз ишини бошлади


2021 йилнинг 20 октябрь куни “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда шўрланган тупроқларнинг интеграллашган бошқаруви ва мелиорацияси: янги ёндашувлар ва инновацион ечимлар” мавзуидаги Миллий Симпозиуми бўлиб ўтди. Конференциянинг ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАО нинг Ўзбекистондаги вакиллиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Экологик ҳаракати бўлиб, анжуман  ФАО нинг «Шўрланган Тупроқлар Глобал Симпозиуми» доирасида ташкил этилди.

Конференциянинг асосий мақсади - минтақадаги давлатлар экспертлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Марказий Осиёда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежайдиган технологиялар тамойилларни комплекс тадбиқ этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш бўйича ҳамкорлик юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Руспубликаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Экологик харакати, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассислари, хорижий ва миллий олимлар, шунингдек, бир қатор жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Конференциянинг биринчи куни асосий тадбирни очилиш маросими, сўнгра куннинг иккинчи ярмида конференциянинг қуйидаги секциялари ўз ишларини олиб борди:

-   шўрланган тупроқлар унумдорлигини тиклаш ва оширишда инновацион технологиялар;

- шўрланган тупроқларни баҳолаш, хариталаш, мониторинг қилиш ва уларнинг интеграллашган бошқаруви: янги ёндашувлар ва инновацион ечимлар. 

Анжуман давомида Ўзбекистон Миллий университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Хикмат Сабуров республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эхтиёжини тўлароқ қондиришда қишлоқ хўжалигининг бундан кейинги тараққиёти, тупроқдан унумли ва оқилона фойдаланишга боғлиқ ва муҳим давлат аҳамиятига эга эканлиги, шунингдек, олинган маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 7-8 миллион гектар унумдор ерлар деградацияга учрашини таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек, миллий симпозиум кун тартиби доирасида “Орол денгизининг қуриган тубини тиклаш” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг,анжуманда “Энг яхши илмий ишлар” номинацияси бўйича танлов натижалари эълон қилинди. Фаол қатнашган иқтидорли 9 нафар ёш олимлар ғолибликни қўлга киритиб, диплом ва қимматли совғалар билан тақдирландилар.  

Тадбир иштирокчилари томониданЎзбекистон Республикаси Президентининг, “Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш”, “Қишлоқ хўжалик экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва қарорлари республикада ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан назоратни янада кучайтириш, ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш соҳага замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ушбу миллий симпозиум жорий йилнинг 22 октябрьгача давом этади.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura