Хорижий абитуриентлар учун

Ассалому алайкум азиз ҳамкасбларим, университетимизнинг қадрли талабалари!



Ўзбек  тили байрами куни  билан барчангизни табриклайман! Бу байрам барчамизга дахлдор ва ҳақиқатан ҳам, масъулиятга ундовчи байрам. Она тилимизни софлиги, келажаги ва ривожи борасида мулоҳаза қилишимиз ҳамиша долзарблигича қолади.

Зеро,  тилимиз мавқеи, унинг ривожланиши учун курашган, унинг гўзал ва бой тил эканлигини исботлаган мутафаккирларимиз, маърифатпарвар олимларимиз бўлган. Тил, алифбо  масалалари 100 йиллардан буён эътиборда туради. Бу борада Алишер Навоийдан бошлаб, Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Озод Шарофиддинов каби зиёлилар  ҳамиша ўзбек адабий тилининг бойиб бориши ва умрбоқийлиги учун курашиб келишган.

Тил софлиги учун курашиш баланпарвоз гаплар ёки китобий жумлалар билан бўлмайди. Ўзбекча оҳангда сўзлаш,  тилга тавозе, тилга муҳаббат, тилга эҳтиромни лексиконимизда исботлашимиз керак. Зиёли кучлар - сизу-биз жамланиб, тилга аҳамият бермаслик хатосидан ҳоли бўлмоғимиз керак.

Тил -  миллатнинг фахри , ғурури, ори! Бу байрамга кейинги йилларда алоҳида ҳурмат ва эътибор қилинмоқда.

Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган табрикларида: “Миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз,” - дея таъкидлаб ўтдилар.

Она тилимиз қадр қиммати, обрў-эътибори кейинги йилларда ортиб,  дунё миқёсида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  юксак минбарларида, саммит ва халқаро конференция, учрашувларда “Ассалому алайкум” деган каломимиз билан ўзбек тилида уйғоқ фикрлар, таклиф ва ташаббуслар илгари суриляпти.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига аъзо бўлди. Бу биз учун яна бир янги йўналишда дунё сари дадил қўйилган қадам. Ва энг муҳими, бу - дунё майдонида ўзбек тили нуфузини янада ошиши учун имкон ҳамдир.

Илдизлари бақувват фикрларни, юракдан чиқадиган самимий тилакларни инсон фақат ва фақат она тилидагина бараклла айта олади. У бор экан гапимиз бутун. У бор экан қалбимиздаги изҳорларимиз суҳбатдошимиз кўнглига инади. У бор экан  жаҳон айвонидан баракалла айтган фикрларимиз яшайди.

Бугунги ахборот оқими глобаллашган ва виртуал оламдаги ҳаёт жуда фаоллашган даврда, медиамаконда миллатимизнинг бор қадриятларини, жумладан ўзбек тилининг софлиги, унинг бор хусусиятлари билан сақлаб қолиш, нуфузини ва имкониятларини кенгайтириб бориш учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Қадрли устозлар! Азиз талабалар!

Барчангизни ўзбек тили байрами куни билан яна бир бор чин юракдан табриклайман. Она тилимиз равнақи йўлида барчамиз камарбастамиз. Сизларга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик ва хотиржамлик, ишларингизга ривож тилайман!

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети ректори

профессор Ином Маджидов

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura