Хорижий абитуриентлар учун

ТАШАББУС ТАШАББУСКОРИ МЎЙНОҚДА


Бугун эрта тонгдан табиат яна ўз инжиқлигини намоён қилиб, тўхтовсиз совуқ шамол ғувиллайди. Ташаббускор талаба-ёшлар эса кийим-бошларига ўзгача оройиш берган. Чунки бугун қилган меҳнатларига муносиб баҳони кутмоқда. Бу вақтда эса тезроқ талабалар билан учрашиб, ёшларнинг меҳнатини қадрлаш, ташаббускор талабалар томонидан бунёд этилган муҳташам боғни кўриш ва муносиб баҳосини бериш учун азим Тошкент шаҳридан ЎзМУ ректори Авазжон Марахимов Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Бўзатов овул фуқаролар йиғини Шағрли овули томон шошилмоқда. 



Соат 11:30. Ҳамма ҳаяжонда. Талабалар: Ректоримиз биздан рози бўлармиканлар? Биз уларнинг ишончини оқлай олдикмикан, деб турган вақтда ректорнинг хаёлидан: ташаббускор талаба-ёшларимизга қандай миннатдорчилик билдирсам экан? Улар қилган меҳнатидан рози эканми, деган ўй кезмоқда эди. 



Ниҳоят орзиқиб кутилган вақт келди. Университет раҳбари Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув-илмий полигонини очиб бериш учун етиб келди. Ректорни ташаббускор талаба-ёшлар экспедицияси аъзолари билан бирга, Мўйноқ тумани ҳокими Сайлавбай Данияров бошчилигидаги бир гуруҳ ўқувчилар кутиб олди. 



Ректор ҳудудга кириб келар экан, ҳаммага миннатдорлик оҳангида, хушкайфиятда шундай деди: “Куни кеча олий таълим муассасалари, ижтимоий соҳа мутасаддилари билан йиғилиш бўлиб ўтди. Ўша йиғилишда фидокорона ташаббусларинг учун Президентимизнинг маслаҳатчиси А.Абдувахидов ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидовлар сизларга ўз миннатдорчиликларини билдирди. Ҳақиқатдан ҳам сизлар Мўйноқ туманида 500 минг гектар майдонда саксовул экилибди, Оролни қутқариш ишлари мана бундай амалга оширилаётган экан деб китоблардан ўқиб ўтирмасдан, амалий ҳаракатга киришдинглар. 
Биргина мисол, ҳаммамиз, одатда, кўп бора ватанпарварлик, юртга садоқат, ота-онага меҳр-мурувват ҳақида такрорлаймиз. Сизларнинг бу ишингизни эса чинакам ватанпарварлик намунаси деса бўлади. Сиздек меҳнаткаш ўғил-қизлари бор экан Президентимиз айтганларидек, Ўзбекистон 2035 йилга бориб дунёдаги ривожланган 50 талик давлатлар қаторидан жой олади. Мен буни биргина намунасини шу бугун, шу ерда кўриб турибман. Мен, сиз ташаббускор талаба-ёшларга бошим ерга теккунича таъзим қиламан, болаларим. Раҳмат сизларга”, – деди. 







Шундан сўнг туман ҳокими ва ёшлар иштирокида 2 гектарлик боғни кўздан кечириб чиқар экан, яхши ният билан бир дона ўрик кўчатини боғдаги ҳудудга ўтқазди. 
Шу билан бирга, Биология факультети декани Тўхтасин Абдрахмановга бу хайрли ишни давом эттириб, 2020-2021 ўқув йилидан 2 нафар бакалавр, 2 нафар магистрант ва 2 нафар докторантларнинг илмий- тадқиқот ишини бевосита Оролбўйи, хусусан, Мўйноқ туманининг табиий географияси, тупроғи, ўсимлик дунёсини тадқиқ этиши учун мавзулар берилиши кераклиги тўғрисида кўрсатма берди. 







Шундан сўнг ректор бошқилигида жамоа Мўйноқ туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрди. Мактабнинг моддий-техник базаси, ўқув-илмий салоҳияти билан танишар экан, уларнинг муаммолари билан ҳам қизиқди. 



Хусусан 3 “б” синфга кириб, ўқувчилар билан дилдан суҳбат қурди. Ўқувчиларнинг илтимосига кўра, ЎзМУ ректори келгусида мактаб ўқувчиларига математика, биология, кимё, физика, хорижий тиллар, тарих фанлари бўйича ЎзМУнинг дунё тан олган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларининг шу мактабга келиб маърузалар ўқишига ваъда берди. 





Бу ерда ҳам ректор мактабнинг боғига яхши тилак билдириб, бир туп ўрик кўчатини ўтқазди.



Сўнгра тумандаги экология музейига ташриф буюрди. У ерда ЎзМУ ректори А.Марахимов ва Мўйноқ тумани ҳокими С.Данияровлар Мўйноқ туманида келгусида амалга оширилиши керак бўлган режалар юзасидан ҳамкорлик меморандумини имзолашди.



Равшан ОМОНОВ,
экспедиция ахборот хизмати раҳбари

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura