Хорижий абитуриентлар учун

ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Ҳар қандай давлатнинг буюклиги асосида шу ҳудудда ташкил қилинган таълим тизими туради.  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 4-йўналиш 4-банди Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш масаласига бағишланган бўлиб, унда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлини давом эттириш, сифатли таълим хизматларига имкониятларни ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрларни тайёрлаш каби вазифаларни бажариш кўрсатиб ўтилган. Жорий йилнинг 24 май куни Президент Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди. Учрашувда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Унда билдирилган фикр-мулоҳазалар, берилган савол-жавоблар маълум маънода Ҳаракатлар Стратегиясида таълим, хусусан, олий ва ундан кейинги таълим соҳасидаги вазифаларнинг баржарилишини ўзига хос таҳлилига бағишланди, десак хато бўлмайди. Учрашувда танқидий фикрлар, ечимини кутаётган вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Ҳаммамизга маълум, сўнгги йилларда илм-фан ва таълим соҳаси ходимлари изчил рағбатлантирилиб келинмоқда. Илмий ходимларнинг ойлик маошлари ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25 фоизга, жорий йил 1 январдан 20 фоизга оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтарилиши кутилмоқда. Таъкидлашимиз лозимки, давлатимиз томонидан биз профессор-ўқитувчиларнинг бу даражада моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши  мустақиллик тарихида ҳали бўлмаган. Ходимларнинг моддий  рағбатлантирилиши, буни давлат томонидан амалга оширилиши ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида муҳим аҳамиятга эга эканлигини барчамиз яхши тушунамиз.  Ходим ўз уйига, эҳтиёжига яраша даромадга, меҳнатига мос маошга, самарали меҳнат қилиши учун яхши шароитга эга бўлсагина фаолиятида ижобий натижаларга эриша олади. Бугун давлатимиз раҳбари бизга шундай шароитни яратиб бермоқда! Бунга жавобан биз, профессор-ўқитувчилар таълим сифатини янада оширишга, битирувчиларимизнинг рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишларига керак бўлса жонимизни бериб ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки, таълимга сарфланган куч, маблағ, ҳар доим ўзини оқлайди. Президентимиз айтганидек, “Илмни, тарбияни тўғри қилсак, ҳамма соҳаларни малакали мутахассислар ўзлари ривожлантиради”.

Бундан ташқари, Президентимиз ушбу учрашувда профессор-ўқитувчиларни рағбатлантиришнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди. Бу таклиф бевосита олий таълим тизимида илмий изланувчанликни оширишга, илмий-педагог кадрларнинг доимий ўз устида ишлаб, янгиликка интилишига, олимларимизнинг жаҳон майдонига чиқишига мотивация  берадиган муҳим фикр бўлганини таъкидлаш лозим. Бунга жавобан профессор-ўқитувчилар доимий ўз устида ишлашлари, илмий салоҳиятларини тўхтовсиз оширишга ҳаракат қилишлари, инсоннинг интеллектуал капиталини рўёбга чиқариши лозимлигини яхши тушуниб олишлари керак. Биз, давлатимиз раҳбари томонидан яратилаётган бор имкониятлардан фойдаланиб, уларнинг таълим соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз ва ишонч билан айтамизки, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси Президент ишончини оқлашда намуна бўлишга сидқидилдан меҳнат қилади!

 

                                                       Хаким ТЎХТАЕВ,

Ижтимоий фанлар 

факультети декани:

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura