Хорижий абитуриентлар учун

"Қуруқ гап педагогнинг муаммосини ҳал қилмайди" – Ўқитувчиларнинг асосий муаммоси нима?

1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Togri.uz жамоаси ушбу соҳа вакиллари ўртасида сўровнома ўтказди. Савол-жавобнинг асосий мазмуни кадрлар тайёрлаш тизимининг бугунги ҳолати, таълим муаммолари ҳамда камчиликлардан иборат бўлди.


Бугун Ўзбекистонда профессор ўқитувчи ва педагогларни қандай муаммолар қийнамоқда? Соҳа вакиллари таълим тизимида қандай ўзгаришлар бўлиши керак деб ҳисоблайди? Ўқувчи ва талабаларнинг дарсга иштиёқи сустлиги сабаби нимада? Togri.uz шу каби саволлар билан мутахассисларга юзланди.

Эски ҳаммом, эски тос

Ўқитувчилардан соҳага оид муаммолар ҳақида сўралганда, улар кадрлар тайёрлашда ортиқча вақт йўқотишлар, инновацион технологияларни янада такомиллаштириш, ойлик маошлар билан боғлиқ фикрларини билдиришди. Соҳа мутахассисларнинг аксарияти қоғозбозлик муаммосини алоҳида таъкидлашди.

“Президентимиз, Вазирлар Маҳкамаси томонидан педагогларнинг ишини енгиллаштириш, қоғозбозликни камайтириш мақсадида бир нечта қонун ва қарорлар қабул қилинди, лекин амалдаги ишларимиз эски ҳолича давом этмоқда”, дейди Тошкент Давлат Техника университети қошидаги академик лицей ўқитувчиларидан бири.


“Янгилик кетидан қувмай боридан тўғри фойдаланиш лозим”

Респондентларнинг аксари ойликни ошириш, мутахассисларни рағбатлантириш масалаларини яна бир бор кўриб чиқиш керак деган фикрда. Аммо бу билан кадрлар тайёрлаш дастурида кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди, деб ҳисобловчи ўқитувчилар ҳам бор. Шунингдек, кредит модул тизими, масофавий таълимни ривожлантириш масалаларига оид жавобларни ҳам тинглаган бўлсак-да, баъзи профессор ўқитувчилар янгилик кетидан қувмай, боридан унумли фойдаланиб, кўзланган мақсадга эришиш мумкин мазмунида жавоб берди.


“Бўйнидан боғланган ит овга ярамас”

Сўровнома иштирокчиларининг кўпчилиги ўқувчи ва талабаларнинг дарсга қизиқмаслигининг асосий сабабини педагогларнинг ўз устида етарли ишламаслигида кўради.

Шу билан бирга, улар олийгоҳга “адашиб” кириб қолган талабаларни алоҳида  қайд этишди. Бу ҳақда  ЎзМу докторанти Равшан Омонов қуйидаги сўзларни айтди:

“Бугун аудиторияда талаба нима учун дарсга қизиқмайди? Айримлари шўх бўлади, айримлари китоб ўқийди, айримлари ижодга қизиқади, айримлари соҳага адашиб қолган. Битта аудиторияда 35-40 нафар талаба бўлса, афсуски, шундан 20 фоизигина шу соҳага қизиқиб кирган, қолганлари ота-онасининг кўрсатмаси, танишларнинг тавсияси ёки коррупцион схемалар орқали келиб қолган. “Бўйнидан боғланган ит овга ярамас” деганларидек, педагог мана шундай миллионлаб овга ярамайдиган аудиторияни судраб юришга мажбур бўляпти.” 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura