Хорижий абитуриентлар учун

ЁШ КИМЁГАР ФАОЛИЯТИГА БИР НАЗАР


Илм манзили сари шарафли йўлга отланган, тажриба қилишдан чўчимай изланишлар олиб бораётган, ҳаракатлари дадил ёш олимларни кўриб ҳавас  қиласан киши. Уларнинг мақсад-муддаоси аниқ, режалари тайин. У ҳам бўлса, нимадир янгилик қилиш, жўяли бирор лойиҳа яратиш ва уни татбиқ этиш орқали жамиятга наф келтиришдан иборат. Кимё факультети Ноорганик кимё кафедраси таянч докторанти Батирбай Торамбетов ҳақида ҳам иккиланмай шундай фикрга бориш мумкин. Янги тадқиқотларнинг пайида юрган ёш олимнинг илмий фаолияти билан қизиқдик.

Батирбай Торамбетов 1989 йил 7 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. 2007 йилда Қорақалпоқ давлат университетига грант асосида ўқишга қабул қилинган. Ўқиш жараёнида иқтидорли  талабалар учун таъсис этилган “Университет” стипендияси совриндори бўлган. Қорақалпоқ давлат университетини имтиёзли диплом билан тугатиб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети Кимё факультети магистратурасига кирган.

Б.Торамбетов ўқув ва семинар машғулотларни юқори касбий маҳоратда ўтказиш билан боғлиқ янги педтехнологиялар яратган. У 2018 йилдан ҳозирга қадар илмий раҳбари кимё фанлари доктори, профессор Шахноза Кадирова билан биргаликда  “3d-металларни 2,5-алмашинган тиадиазолнинг янги ҳосилалари билан комплекс бирикмаларини синтези, тузилиши ва хоссалари” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Батирбай Торамбетовнинг рентгенструктуравий таҳлили асосида мис ва кобальт металларнинг нитратли, хлоридли ва ацетатли тузларининг 2-амино-5-меркапто-1,3,4-тиадиазол ҳосилалари билан олинган комплекслари кристалл тузилиши ўрганилган ва комплексларнинг молекуляр структураси маълумотлари Халқаро Кембридж структур маълумотлар базаси банкига киритилган. Синтез қилинган бирикмаларнинг биологик фаолликлари ўрганилиб, ўсимликлар учун ўсиш стимуляторлик ва қишлоқ хўжалигида пестисидлик хоссаларни намоён қилиши  аниқланган. У ҳозирда илмий ғояларини қишлоқ хўжалигида татбиқ қилиш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий синовлар олиб бормоқда. Унинг шу пайтгача 30 дан ортиқ, шу жумладан, 3 та халқаро ва 7 та республика миқиёсидаги журналларда мақола ва тезислари чоп этилди. Бир қатор халқаро ва республика конференцияларида фаол қатнашиб келмоқда.

2019 йил Батирбай Торамбетов учун бир қатор ижобий янгиликларга бой бўлди. У ITEC дастури асосида Ҳиндистонга давлатининг “Сentral Scientific Instruments Organization” институтида ташкил қилинган “Management Development Program on Operation and Maintenance of Analytical Equipment” малака ошириш курсида таҳсил олди. Шунингдек, Нью Деҳли шаҳрида CSIR–Integrated skill initiative (интеграцияланган кўникмалар ташаббуси) дастури асосида “CSIR-National Chemical Laboratory (Миллий Кимё лабораторияси) институтида ташкил қилинган “X-ray Crystallography” курсида муваффақиятли иштирок этди ҳамда Россиянинг Светлогорск шаҳрида RACIRI – Summer school 2019 (Ёзги мактаб 2019) дастури асосида ташкил қилинган “Structure, Real-time Dynamics and Processes in Complex Systems” (Мураккаб бирикмаларнинг реал вақтдаги динамикаси, структураси ва жараёнлари) мавзусидаги илмий конференцияда ўз маърузаси билан қатнашишди.

Ёш олимнинг меҳнатлари, илм йўлидаги мақсадли ҳаракатлари қўллаб-қувватланиб,  2019 йилда “Президент совғаси” сифатида Тошкент шаҳридан уй жой билан таъминланди.

 

Университет илмий-тадқиқот бўлими медиа хизмати 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura