Хорижий абитуриентлар учун

Тошкентда файласуфларнинг уч кунлик мулоқоти бўлиб ўтди


2002 йилда ЮНЕСКО томонидан ноябрь ойининг тўртинчи ҳафтаси "Бутунжаҳон фалсафа куни", деб эълон қилинган эди. Бу кун ҳар йили дунё фалсафашуносларини соҳадаги ютуқлар, истиқболдаги режалар ва кутилаётган натижалар юзасидан ўзаро мулоқотга чорлайди. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Фан ва таълим инновациялари” мавзуида ўтказилган халқаро семинар ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди. 

“Глобал ҳамкорлик – барқарор тараққиёт шарти ва кафолати” халқаро конференцияси доирасида ташкил этилган ушбу тадбир Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамкорлигида бўлиб ўтди. 

Семинарнинг илк кунига Тошкент темир йўл муҳандислари институти мезбонлик қилди. Унда ЮНЕСКО вакили сифатида Франциядан ташриф буюрган фалсафа фанлари доктори, профессор Альберт Фишлер “Цивилизациялар тўқнашувида маданият” мавзусида маъруза қилди. Россия Фалсафа жамияти вакили, Доғистон давлат университети профессори, фалсафа фанлари доктори Мустафо Билалов эса реал ва символли дунёда ҳақиқатни излаш масаласида қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Россия Фанлар академияси қошидаги Россия Фалсафа жамиятининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти, фалсафа фанлари доктори Гезалов Ариз Аваз ўғлининг глобаллашув, маданиятлар диалоги ва тараққиётнинг янги стратегиясини излашга доир тақдимоти ҳам иштирокчилар эътиборини тортди.

Семинарнинг иккинчи куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида давом этди. Ўзаро мулоқот Ислом ва сўфизмнинг онтологик асослари, фан ва маданиятнинг иррационаллашуви, ахборот технологияларининг миллатлараро мулоқотга таъсири масалалари доирасидаги муҳокамалар билан кечди.
Халқаро семинар ўз ишини “Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси – барқарор тараққиёт кафолати” мавзуида ташкил этилган давра суҳбати билан якунлади. Семинарда иштирок этган тингловчиларга ОТМлар ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сертификатлари топширилди. 

Ушбу тадбир республикамизнинг етакчи файласуфлари ва ёш олимлар учун ҳозирги замон фалсафасининг устувор йўналишлари, соҳанинг халқаро тренддаги долзарб масалалари билан яқиндан танишиш имконини берди. Шу билан бирга илғор миллий ва хорижий тажрибалар оммалаштирилди. Ўзбекистонда фалсафа фанини ривожлантириш, ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди. 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura