Яримўтказгичлар физикаси, микро- ва наноэлектрониканинг фундаментал ва амалий муаммолари


Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти ва Тошкент шаҳридаги "МЭИ" миллий тадқиқот университети федерал давлат бюджети олий таълиммуассасаси филиали ҳамкорлигида академик Муминов Рамизулла Абдуллаевич таваллудининг 80-йиллигига бағишланган «Яримўтказгичлар физикаси, микро- ва наноэлектрониканинг фундаментал ва амалий муаммолари» мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Ином Маджидов сўзга чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 12 октябрьдаги 639 - сон қарори қабул қилинганлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Унга кўра, Институт олдида қўйилган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида муқобил энергетика, электротехника саноати, микро ва наноэлектроникани ривожлантириш мақсадида соҳага юқори малакали мутахассислар, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва таълим интеграциялашувини чуқурлаштириш, ёшларни илм-фанга, иқтидорли талабалар ва докторантларни соҳага оид илмий тадкиқотларга фаол жалб этишга шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш каби ишларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Ином Маджидов, Тошкент давлат техника университети ректори, профессор С.М.Турабджанов, Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти директори проф. Ш.Б.Утамурадова ва Ташкент шаҳридаги МЭИ МТУ филиали ижрочи директори проф. Х.С.Далиев, ЎзР ФА академиги Р.А.Муминов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан табриклаб, унинг илмий фаолиятига юксак баҳо бердилар.

Анжуман қуйидаги йўналишлар бўйича иш олиб борди:

1. Яримўтказгич материаллар ҳажми ва сиртидаги физик ҳодисалар;

2. Микро - ва наноэлектроника қурилмалари: ишлаб чиқиш, қўллаш, тадқиқот ва диагностика усуллари;

3. Яримўтказгич материаллардаги киришма ва нуқсонлар;

4. Конденсирланган муҳитларнинг радиациявий физикаси муаммолари; яримўтказгич материалларни тадқиқ қилишнинг ядро-физик усуллари;

5. Муқобил энергия манбалари: муаммолар ва ривожланиш тенденциялари;

6. Юқори малакали мутахассислар тайёрлаш; фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси.

Анжуман офлайн ва онлайн шаклда ташкил этилди. Унда 200 га яқин Республикамиз ва хорижлик  олимлар, ёш-тадқиқотчилар иштирок этишди.  2 кун давом этган анжуманда 50 дан ортиқ илмий-маърузалар тингланди.

Анжуманда Россия, АҚШ, Норвегия, Беларусь ва Қирғизистонлик олимлар ҳам ўз тезислари билан иштирок этишди.

Анжуманда Яримўтказгичлар физикаси, микро - ва наноэлектроника ва уларнинг ҳозирги замондаги ўрни ҳамда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси муаммоларига оид кенг кўламли муаммолар ва чет элдаги бу соҳанинг етук мутахассислари томонидан олинган илмий натижаларни таҳлил этиш юзасидан илмий фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Анжуман кўтаринги рухда ўтди, барча иштирокчилар томонидан илиқ фикрлар билдирилди. Анжуман якунида иштирокчилар томонидан бундай ҳалқаро анжуманни икки йилда бир маротабадан ўтказиш таклифи берилди ва қўллаб-қувватланди.

 

Яримўтказгичлар физикаси

ва микроэлектроника илмий-  

тадқиқот институти директори 

проф. Ш.Б.Утамурадова

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura