ЎзМУ ОЛИМЛАРИ МАЪЛУМОТЛАР ЖУРНАЛИСТИКАСИ БЎЙИЧА ЮНЕСКОНИНГ МИНТАҚАВИЙ ЛОЙИҲАСИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТМОҚДА




ЮНЕСКОнинг коммуникацияни ривожлантириш бўйича Халқаро дастури (IPDC) доирасида бир неча йилдан буён халқаро  журналистика таълими дастурларини  Марказий Осиё университетларида интеграциялаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Бундай  интеграция жараёнига минтақанинг 55 университети, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ҳам жалб этилган.  Жорий йилда ЎзМУ Журналистика факультети олимлари маълумотлар журналистикасига оид ўқув курсини тайёрлаш бўйича  IPDCнинг минтақавий лойиҳасида фаол иштирок этмоқдалар. Ушбу лойиҳанинг  координатори, Қозоғистон Миллий университети профессори Г.С.Султанбаева фикрига кўра,  Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон олимлари журналистика ва коммуникация соҳасида барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда ўз муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

Маълумотлар журналистикаси ёки  дата-журналиcтика   замонавий  медиатренд  сифатида сўнгги 10 йилда фаол ривожлана бошлади. Унинг тезкор ривожланиши глобал ахборот жамияти, интернет ОАВ, ижтимоий тармоқлар, сунъий интеллект, янги ахборот-коммуникациятехнологияларининг шиддатли тараққиёти  ҳамда ахборот оқимларининг узлуксиз кенгайиши билан боғлиқдир.  Жамият очиқлигини, кўп функцияли электрон ҳукумат фаолиятини таъминлаш эса ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида, шу жумладан, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, аҳолишунослик, қишлоқ ҳўжалиги соҳаларида очиқ маълумотлар базалари сонини кўпайишига олиб келди. Пандемия шароитида ҳам коронавирус тарқалиши ва вакцинация миқёсига оид улкан маълумотлар базалари тўпланди. Буларнинг барчаси ҳам оммавий ахборот воситаларида, ҳам  медиамаконда долзарб ахборотларни тушунарли ва визуал шаклда тақдим этишни тақозо этмоқда. Бугун  журналистлар ва ахборот хизмати ходимлари матн ёзиш билан бир қаторда статистика маълумотларини тезкор ва сифатли тарзда  визуаллашувини амалга ошириши, ўз материалларида инфографика, дизайн, интерфаол хариталашнинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиши зарур бўлмоқда. Ушбу жаҳон медиатрендини инобатга олган ҳолда,  ЎзМУ журналистика факультетида бакалавр мутахассислар тайёрлаш ўқув режаларига илк маротаба «Дата-журналистика ва инфографика» фани ҳам киритилди.

Марказий Осиё университетлари етакчи олимлари томонидан тайёрланаётган ушбу курс мазмунига  маълумотлар журналистикаси тарихи, назарияси, статистика тадқиқоти усуллари, очиқ манбалардан ахборот излаш, жадвал маълумотларини, шу жумладан, дастурий усуллар воситасида таҳлил қилиш, қайта ишлаш  ва визуаллаштириш масалаларига оид,  яна дезинформация ва фейкларга қарши курашиш, дата материал тайёрлаш методикаси,  дата-журналистика жанрлари ва ахлоқий жиҳатларига оид модуллар  ўрин олган. Ушбу курсда модулларида баён этилган назарий ҳолатлар ва қоидалар Марказий Осиё интернет ОАВ амалиётидан олинган мисоллар таҳлили билан мустаҳкамланган. Ушбу  лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати курснинг ўқув материаллари Марказий Осиё  давлатлари тилларига, яъни ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларига таржима қилиниб, минтақадаги бўлажак соҳа мутахассислари она тилларида  ушбу ўқув курс материалларидан мамлакатимиз журналистика факультетлари ва олийгоҳлари талабалари янги йилнинг илк ойларида фойдаланишлари мумкин бўлади.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати


Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura