БАЙРОҒИМИЗ – МИЛЛАТИМИЗ ИФТИХОРИ

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари – Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

2021 йил 16 ноябрь куни ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети “Фалсафа ва маънавият асослари” кафедраси ташаббуси билан 5-талабалар турар жойида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Байроғимиз – миллатимиз ифтихори!” мавзуидаги маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ижтимоий фанлар факультети декан муовини Ойбек Мусурмонқулов, "Фалсафа ва маънавият асослари" кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда 5-талабалар турар жойи талабалари қатнашишди.

Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлиб келган. Тадбир иштирокчиларига ушбу тимсолларни акс эттирган видео ролик намойиш этилди. Ўзбекистон байроғи бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъала эканлиги, давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Ҳозирги кунда ер юзида икки юзи элликка яқин давлатлар бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.                                                                              

Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир.

 






ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura