Пойтахт шахарлар мамлакати
Бир анжуманда Туркия элчихонаси матбуот хизмати ходими Исмоил Қозон “Ўзбекистон – пойтахт шаҳарлар мамлакати”, деб таърифлади. Унинг фикрича, ҳеч бир халқ бизнинг аждодларимизчалик тарихда ўчмас из қолдирган давлатлар барпо эта олмаган. “Ўзбекистон – қадимда Туркистон, Турон, Мовароуннаҳр ва бошқа номлар билан аталганини яхши биламиз,– дейди у.– Бу жаннатмакон юртда кўплаб шаҳарлар неча минг йиллар мобайнида пойтахт мақомига эга бўлгани ҳайратомуз ҳодисадир. Пойтахт – бой тахт-у бахтга эга шаҳар демак. Бундай шаҳар ва унда истиқомат қилаётган инсонларнинг илму-маърифати, маданияти, маънавияти, санъати, бунёдкорлик ишлари шунга яраша бўлади”.
Хорижлик дипломатнинг бу пурмаъно сўзлари кишига жўшқин кайфият бахш этади. Шу тобда Ўзбекистон мадҳиясидаги “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, оламни маҳлиё айлаган диёр”, деган сатрлар ёдга тушиб қалбингда ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уради.
Шундай экан, ўтмишда пойтахт мақомига эга бўлиб, бугун янада гуллаётган кўҳна шаҳарларимизга саёҳат қиламиз.