Наргиза Абдуллаева

Наргиза Абдуллаева 2009 йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида филология (инглиз тили) йўналиши бўйича бакалавр босқичини, 2011 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультетида лингвистика (инглиз тили) мутахассислиги бўйича магистратура босқичини тамомлаган. 2015 йилдан бошлаб Университетнинг хорижий филология факультети инглиз филологияси кафедраси докторанти сифатида чоғиштирма тилшунослик (инглиз ва ўзбек) билан шуғулланиб, шу билан бирга талабаларга ҳам таълим бериб келмоқда. Илмий фаолияти давомида эришган натижалари ҳисобга олиниб, Халқаро Мақолшунослик Жамияти (International Association of Paremiology (AIP-IAP, UNESCO)) аъзоси бўлган.


Ёш тадқиқотчи 10.00.06 – “Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик” ихтисослиги бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун “Инглиз ва ўзбек халқ мақолларидаги градуонимик муносабатларнинг лингвопрагматик хусусиятлари” мавзуидаги диссертацияси факультетнинг инглиз филологияси, қиёсий тилшунослик, француз филологияси, немис филологияси, рус филологияси ва жаҳон адабиёти кафедраларининг кенгайтирилган мажлисида муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган.  

Наргиза Абдуллаеванинг 35 та илмий иши, жумладан, битта илмий рисоласи (“Филология фанлари доктори, профессор Ў.Қ.Юсуповнинг чоғиштирма тилшунослик мактаби”, Ж.Ш. Джумабаева ва С.Н. Сохибов билан ҳаммуаллифликда), импакт факторга эга бўлган хорижий журналларда 2 та илмий мақоласи (“Problems of Modern Science and technology/ Проблемы современной науки и образования” (Россия) ва “American Journal of Research” (АҚШ) халқаро илмий-методик журналларида), халқаро илмий ва амалий конференциялар тўпламларида 3 та тезиси (Россия, АҚШ, Буюк Британия), Олий Аттестация Комиссияси томонидан эътироф этилган илмий журналларда 14 та мақоласи (жумладан,  “ЎзМУ хабарлари”, “Илм сарчашмалари”, “БухДУ илмий ахбороти”, “Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ахборотномаси”, “Ўзбекистонда хорижий тиллар”, “Хорижий филология”, “ФарДУ илмий хабарлар”, “Филология масалалари” каби  илмий журналларда) ҳамда республика илмий ва амалий конференция тўпламларида 11 та тезиси ва 4 та мақоласи чоп этилган.

Унинг муаллифлигида яратилган “Градуоним компонентли инглиз ва ўзбек халқ мақоллари луғати” (Dictionary of English and Uzbek national proverbs containing graduonyms) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги № 892 сонли  буйруғи билан тасдиқланиб, нашрдан чиқарилди.


10 дан ортиқ халқаро ва республика миқёсидаги илмий ва амалий конференцияларда ўз маърузаси билан қатнашиб, илмий фаолияти давомида эришган ютуқлари ва натижалари ҳақида тақдимот қилиб берган. Шунингдек, 2017 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва “Олима” уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган “Илм юлдузлари” IV Республика интеллектуал кўрик-танловининг Университет босқичида иштирок этиб, совриндор бўлган.

          Наргиза Абдуллаева бугунги кунда ёш бўлишига қарамай, Университетнинг малакали педагогларидан биридир. 2016 йили Университет миқёсида ўтказилган “Энг яхши мураббий” кўрик танловининг номинанти ҳисобланади. У ҳозирги кунда таълим соҳасига инновацияларни олиб кириш,  фан ва таълим интеграциясини таъминлаш мақсадида самарали тадқиқотлар олиб бормоқда. Илмий изланишлари натижасини ўқув жараёнига татбиқ этиб, “Асосий ўрганилаётган тил”, “Тилшунослик”, “Стилистика”, “Илмий изланиш асослари”, “Intercultural communication”, “Culture”, “Лексикология ва унинг бўлимлари”, “Тилларнинг ўзаро муносабатлари ва ривожланиш қонуниятлари”, “Семантик категориялар”, “Семантик парадигмалар”, “Илмий изланиш усуллари”, “Таржима методлари” мавзулари юзасидан талабаларга ўқув ва амалий машғулотлар ўтиб келмоқда.


          2018 йилнинг 4-8 октябрь кунлари Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультети инглиз филологияси ҳамда қиёсий тилшунослик кафедралари томонидан ўтказилган “Замонавий тилшунослик, таржимашунослик ва лингводидактика – NUU-2018” мавзуидаги халқаро илмий конференциясида асосий ташкилотчи ва конференция материаллари тўпламининг таҳририят аъзоси сифатида фаол қатнашган. Шунингдек, “Ўзбекистон” радиоканалида “Болалар учун” эшиттириши “Инглиз тили сабоқлари” ҳамда “Таълим ва тараққиёт” дастурларининг муаллифи бўлган.

Наргиза Абдуллаеванинг илм эгаллаш йўлидаги иштиёқи, ўз касбига бўлган муҳаббати, тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги яхши натижаларни қўлга киритишда етарли асос бўлди, десак янглишмаймиз. Ёш тилшуноснинг келгусида ўзбек тили ва маданиятини бутун дунёга янада кенг намойиш қилиш йўлидаги ишларига муваффақият тилаб қоламиз. 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura