Турғунов Дониёр

Турғунов Дониёр Маннопжанович 1987 йил 3 декабрда Тошкент вилояти Зангиота туманида таваллуд топган. 2006-2010 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети география ва табиий ресурслар факультетида гидрометеорология  йўналиши бўйича, 2010-2012 йилларда эса сув омборлари ва кўллар гидрометеорологияси мутахассислиги бўйича магистратура босқичида таҳсил олган.

2012-2016 йиллар давомида география ва табиий ресурслар факультети қуруқлик гидрологияси кафедраси ўқитувчиси лавозимида фаолият олиб борган. 2016-2017 йилларда гидрология ва гидрогеология кафедраси ўқитувчиси, 2017-2018 йилларда  эса шу кафедранинг катта ўқитувчиси лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттирган.

Д.М.Турғунов 3 та услубий қўлланма (ҳаммуаллифликда), 1 та ўқув қўлланма, 1 та дарслик ва 1 та монография нашр эттирган. Ҳаммуаллифлигида ёзилган “Гидрометрия” дарслиги билан “Энг яхши дарслик – 2015” танловида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган. Ёш тадқиқотчининг 40 дан ортиқ илмий ишлари халқаро ва республика журналларида, илмий анжуманлар тўпламларида,  шунингдек, 2 та мақоласи Scopus базасидаги журналларда чоп этилган.

У 20.09.2018 йилдан 20.12.2018 йилгача М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат университетида стажировка ўтаб қайтди. Ўз тадқиқот натижаларини МДУнинг қуруқлик гидрологияси кафедрасида ҳамда “Тупроқ эрозияси ва ўзан жараёнлари” илмий-тадқиқот лабораторияси семинарларида муҳокамадан ўтказган. Ҳозирда тадқиқотчининг диссертация натижалари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимларида амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.

Д.М.Турғунов педогогик фаолияти давомида гидрометеорология ва гидрология йўналиши талабаларининг М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат университетида амалиёт ўташ жараёнларига раҳбарлик қилиб келган. Шунингдек, шогирдлари халқаро ва республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритишган.

Ёш тадқиқотчи халқаро экспедицияларда ҳам фаол иштирок этиб келади. У ЮНЕСКО нинг “Табиий офатлар хавфини камайтириш (DRR) ва иқлим ўзгаришига мослашиш (CCА) бўйича Марказий Осиё ёшлар тармоғи” нинг доимий аъзоси сифатида ҳам илмий изланишлар олиб бормоқда.

Д.М.Турғунов таянч докторантурадаги фаолияти давомида “Ўрта Осиё тоғ дарёларида кам сувли йиллар ва уларни шакллантирувчи иқлимий шароитлар” мавзуидаги диссертация ишини муддатидан аввал ҳимоя қилиб, география ва табиий ресурслар факультетининг энг ёш PhD илмий даражасини олган ходимига айланди.  

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura